Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг 3 апрелдаги қарори билан Йўл ҳаракати қоидаларига шаҳарларда транспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлигига оид ўзгартиришлар киритилди.

Энди Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-банди иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилади:

«Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар ва туманларнинг марказларида, шунингдек шаҳарлар ҳудудларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 60 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади».

Худди шу банднинг биринчи хатбошиси аввалги таҳрирда сақланиб қолди:

«Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, тегишли йўл белгилари ўрнатилган мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларига етмасдан ва ўтиб кетиб 300 метрдан кам масофада соатига 30 километрдан, турар жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 20 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилади».

Эслатиб ўтамиз, муҳокамага қўйилган 2023 йилги давлат дастурига мувофиқ, 1 июндан бошлаб республиканинг барча аҳоли пунктларида транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километргача туширилиши кўзда тутилганди.

Шунингдек, 17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган (ҳудудлар рўйхати).

Йўл-транспорт ҳодисалари йилига 4 мингга яқин ўлим ҳолатлари билан якунланади. Таҳлилларга кўра, тезликни 10 километр соатга тушириш ўлим ҳолатларини камида 15 фоизга камайтиришга олиб келади.

Масалан, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бу 2021 йилдаги ҳолатлардан (1073) қарийб 130 тага кўп. Ушбу даврда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарини ташкил этади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси Тошкентнинг Кичик ҳалқа йўли ичидаги ҳудудларда транспортларнинг ҳаракат тезлигини 70 кмдан 60 кмгача пасайтиришга оид қарорни қабул қилган.