Фарғонада ўтган ИИВнинг кенгайтирилган йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Ёшлар ишлари агентлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари Қўқондаги вазиятни жиловлашда эътиборсизлик ва сусткашликка йўл қўяётганини танқид қилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятда оғир жиноятларнинг 20 фоизини ва ўта оғир жиноятларнинг 43 фоизини айнан Қўқон шаҳридаги вояга етмаганлар содир этган. Ачинарлиси, 47 нафар мактаб ва 18 нафар коллеж ўқувчилари жиноятга қўл урган. «Бу бутун республика бўйича энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади», деди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари бошқа вилоятларда ҳам ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Сирдарё ва Навоий вилоятлари ҳокимларининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосарлари Ш. Зайниддинов ва Я.Душанов ҳамда Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосарини лавозимидан озод этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент ушбу йиғилишда 15 та туман (3 таси пойтахтда) ИИБ бошлиқлари ва 5 та туман прокурорларини лавозимидан озод қилгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, бош прокурор биринчи ўринбосари ва ИИВ раҳбарининг икки ўринбосарига ҳайфсан берилди, рақамлаштириш учун масъул ўринбосар Нажмиддин Тўрахожаев эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари яқинда Фарғонада 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганини ҳам тилга олди. «Бу ҳолат вазият қанчалик оғирлигини кўрсатиб турибди», дея таъкидлаган Мирзиёев айрим маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллари институти кутилган натижани бермаётганини қайд этди.