28 июль куни Фарғонада Ички ишлар вазирлигининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев яқинда вилоятда 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганини тилга олди, деб хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари воқеа ҳақида гапирар экан, «Бу ҳолат вазият қанчалик оғирлигини кўрсатиб турибди», — дея таъкидлади.

20 июль куни Фарғона шаҳридаги қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилганди. 17 ёшли гумонланаётган шахс қўлга олинган.

Йиғилишда айрим маҳаллаларда хотин-қизлар фаоллари институти кутилган натижани бермаётгани қайд этилди.

Давлат раҳбари янги тузилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги доирасида ҳар бир туманда ижтимоий хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат «мобил гуруҳлар», зўравонликка учраган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича «Колл-марказлар» ташкил қилишни топширди.

Йиғилишда, шунингдек, ўтган 6 ойнинг ўзида турли низолар туфайли 600 дан зиёд жиноят содир этилгани таъкидланди. Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар учун ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш хизматини кенгайтириш вазифаси қўйилди.

Агентлик вилоят ҳокимлари билан бирга йил якунига қадар барча ҳудудларда аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатувчи «Инсон» марказларини ишга туширади.

Аёллар жиноятчилигининг 40 фоизга яқини ишламайдиган ёки доимий банд бўлмаган хотин-қизлар томонидан содир этилган. Бундан ташқари, жиноятдан 2,7 мингга яқин, оилавий зўравонликдан 20 мингга яқин аёллар жабр кўрган.