Қозоғистон 2034 йилги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон билан биргаликда ўтказишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги маълум қилди, деб ёзди Tengrinews.kz.

«Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Қозоғистон футболини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, бу йўналишда ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Аммо шуни таъкидлаймизки, Қозоғистонда жаҳон чемпионатини ўтказиш масаласи кўриб чиқилмаяпти, шу сабабли мамлакатимиз чемпионат учун ариза топширишни режалаштирмаяпти», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ «Championat.asia» Қозоғистон футбол федерацияси раҳбари Адлет Барменқулов Қозоғистон ва Ўзбекистонни 2034 йилда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатини биргаликда ўтказиш учун ариза топширишни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳақда Қирғизистонда бўлиб ўтган Марказий Осиёдаги туркий тилли давлатлар футбол ассоциасиялари мутасаддиларининг ҳар икки федерация раҳбарияти, жумладан, Ўзбекистон футбол ассоциасияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам иштирок этган йиғилишида маълум қилинган.