2023 йилнинг май ойида «Ўзбекнефтгаз» корхоналарида бензин ишлаб чиқариш 23,2 минг тоннани ташкил этди, бу ўтган йилнинг май ойига (-71,3 фоиз) нисбатан 51,2 минг тоннага кам, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.

Бунга Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 10 майдан 10 июнгача режали таъмирлаш ишлари олиб борилгани сабаб бўлган.

Амалдаги талабларга кўра, хавфли ишлаб чиқариш объектларида хизмат муддати 20 йилдан ошган технологик қурилмалар саноат хавфсизлиги бўйича экспертизадан ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, лицензиялар томонидан амалдаги технологик қурилмаларда бир йилда бир маротаба жорий таъмирлаш ва беш йилда бир маротаба мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказиш тавсия этилган.

Ушбу талабларша риоя қилиш учун заводнинг босим остида ишловчи сиғимлари саноат хавфсизлиги экспертизасидан тўлиқ ўтказилди ҳамда технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизими модернизация қилинди, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, БНҚИЗда мукаммал таъмирлаш ишлари сўнгги бор 2018 йилда ўтказилган.

«Заводнинг таъмирлаш даврида истеъмолчиларни автобензин билан узлуксиз таъминлаш мақсадида „Ўзбекнефтгаз“ томонидан республиканинг барча ҳудудларида зарур миқдорларда захира яратилди ва узилишларсиз етказиб берилиши таъминланди. Шуни таъкидлаш лозимки, республика истеъмолчиларига нефть маҳсулотларини етказиб беришда узулишларнинг олдини олиш ҳамда ички бозорда ажиотаж талаб вужудга келишига йўл қўймаслик мақсадида завод белгиланган муддатдан 10 кун олдин ишга туширилди ва автобензин маҳсулотини ишлаб чиқариш қувватлари 140%га қадар оширилди», — дейилади хабарда.

2023 йилнинг январь-май ойларида «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги корхоналарда жами 659,6 минг тонна суюқ углеводород хом ашёлари қайта ишланган бўлиб, бу кўрсатгич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 103 фоизни ташкил этган.

Ушбу даврда 410,5 минг тонна автобензин маҳсулоти ишлаб чиқарилган бўлиб (шундан январда — 105,9 минг тонна, февралда — 92,6 минг тонна, мартда — 94,7 минг тонна, апрелда — 94,1 минг тонна, майда — 23,2 минг тонна), белгиланган режа 103 фоизга ёки 10,6 минг тоннага кўп бажарилган.

БНҚИЗда автобензин ишлаб чиқаришнинг кунлик хажми 2500 тоннадан 3000 тоннага оширилди.

Заводда таъмирлаш ишлари ўтказилганига қарамасдан, йил якунига қадар жами 995,8 минг тонна автобензин (2022 йил кўрсаткичига нисбатан 100 фоиз) ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

«Газета.uz» Статистика агентлигига таяниб, йил бошидан буён Ўзбекистонда бензин ишлаб чиқариш 3 баравар — 139,6 минг тоннадан 46,2 минг тоннагача қисқаргани ҳақида ёзганди. Бунинг фонида нефть ва нефть маҳсулотлари импорти кескин ўсди. Дизель ишлаб чиқариш эса ўсишда давом этмоқда.

Шунингдек, 2023 йилда Ўзбекистонга бензин импорти бир неча баробар ошгани ҳам хабар қилинганди. Биринчи тўрт ойда 335,2 млн литр келтирилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп. Импортнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри учун 0,4 центни ташкил этди. Импортнинг аксар қисми Россия ҳисобига тўғри келди.