Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 3 июлдаги фармони билан ҳам давлат, ҳам нодавлат олий таълим ташкилотларига, шу жумладан, хорижий олий таълим муассасалари филиалларига ўқишга қабул қилиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Олдинроқ давлат олий ўқув юртлари магистратурасига йилига икки марта — август ва январь ойларида қабул ташкил қилинганди. Август ойида — тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ, январь ойида — дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилган.

Эндиликда давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим муассасалари ҳамда уларнинг филиалларининг бакалавриат ва магистратура йўналишларига қабул бир ўқув йилида бир марта — июндан сентябргача амалга оширилади.

Фармонда шундай банд борки, зарур ҳолларда олий таълим ташкилотлари магистратурасига бир ўқув йилида иккинчи марта қабул қилишга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг таклифига асосан Давлат комиссияси томонидан рухсат этилганда йўл қўйилади.

Университетларнинг академик мустақиллиги нима беради?

Президент алмашганидан сўнг дарҳол ишлаб чиқилган 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида «академик соҳада, ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, ўқув жараёнини ташкил этиш, пулли хизматлар кўрсатиш ва молиялаштиришнинг қўшимча манбаларини излашда олий ўқув юртларининг ваколатларини кенгайтириш йўли билан уларнинг мустақиллигини босқичма-босқич ривожлантириш» кўзда тутилган.

2020 йил учун Олий таълим вазирлигининг таълим мазмунига аралашмаслигини назарда тутувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш режалаштирилганди.

Айни пайтда Ўзбекистонда фаолият юритаётган қатор хорижий олий ўқув юртлари йилига бир мартадан ортиқ талабаларни ўқишга қабул қилмоқда. Бу бутун дунёда кенг тарқалган амалиёт саналади.

Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов янгиликни хусусий университетлар фаолиятига эҳтимолий аралашув сифатида баҳолади.

«Таълим тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасига кўра, нодавлат таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартиби таълим ташкилотлари томонидан белгиланади, — дея эслатди у.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланади. Парламент томонидан қабул қилинган ва президент томонидан имзоланган қонунлар президент ва Вазирлар Маҳкамасининг фармон ва қарорларига қараганда юқорироқ юридик кучга эга.