2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қабул йилда икки марта бўлиб ўтади. Бу президентнинг 15 июндаги қарорида қайд этилган.

Қабул қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

Август ойида — навбатдаги ўқув йили учун тасдиқланган давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги ҳамда молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланган тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ бўлади;

Январь ойида — эса дастлабки қабул натижаларига кўра тўлмаган ўринлар ҳамда Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган қўшимча тўлов-контракт асосидаги қабул параметрларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, қарорга кўра, жорий ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларида магистратурага қабул абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилади. Мутахассислик фанидан имтиҳон ўтказилмайди.

Давлат олий таълим муассасалари магистратурасига қўшимча қабул параметрлари асосида ўқишга қабул қилинган абитуриентларнинг тўлов-контракт суммаси бир талабага тўғри келадиган реал харажатлардан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси томонидан мустақил белгиланади.