Ўзбекистон халқ артисти Толиб Каримов 19 июль куни 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбек Миллий академик драма театри маълум қилди.

«Ўзбек Миллий академик драма театри жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига, барча яқинларига таъзия билдиради», — дейилади театр ахборотида.

Маълумот учун, актёр Толиб Каримов 1940 йил 7 февралда Тошкентда туғилган. 1961 йилда собиқ Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтининг актёрлик факультетини тугатган. 1961−1963 йилларда институт йўлланмаси билан Кўқондаги Ҳамза номли театрда актёр сифатида ижод қилган. 1963 йилда ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида иш бошлаган. У театр саҳнасида «Қуғлуғ қон», «Бой ила хизматчи», «Шоҳ Эдип», «Мирзо Улуғбек», «Алишер Навоий», «Соҳибқирон Темур», «Етти фарёд», «Бир кошона сири» каби юзлаб спектаклларда турли даражадаги ролларни ижро этган.

Толиб Каримов Ўзбекистон телевидениесида тайёрланган ўттиздан ортиқ телепостановкаларда асосий ролларни талқин қилган. Шунингдек, у «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи» телекўрсатувларида ҳам кўплаб образларни гавдалантирган.

Актёр 1987 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» унвонига, 1989 йил «Қутлуғ қон» спектаклидаги Тантибойвачча роли учун Давлат мукофотига сазовор бўлган. 1997 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланган.