Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий тадқиқот институти катта илмий ходими Комилжон Акрамов иқтисодчи Беҳзод Ҳошимовнинг «Ҳошимов иқтисодиёти» YouTube лойиҳасида меҳмон бўлиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва Ўзбекистон иқтисодиёти билан боғлиқ саволларга жавоб берди. Комилжон Акрамов Ўзбекистондаги озиқ-овқат сифати ҳақидаги саволга жавоб бераётиб, мамлакатдаги болаларнинг 10,8 фоизи ривожланишдан ортда қолаётганига тўхталди.

Беҳзод Ҳошимов Комилжон Акрамовга савол бериб, қозоғистонлик саёҳатчилардан бири Ўзбекистон ҳақидаги қайдларида ўзбек болаларининг бўйи қозоқ тенгдошлариникидан паст экани ҳақида ёзганини эслатиб ўтди. Кейин эса Ҳошимов бу бўйича ўзи мулоҳазаларини айтиб, Акрамовдан бунинг тўғри ёки нотўғри эканини сўради:

«Боланинг [сифатсиз] овқатланиши 2 ёшдан тахминан 15 ёшгача унинг ёшига нисбатан паст, яъни „stunted“ бўлишини кафолатлайди. Масалан, Ҳиндистонда бу катта муаммо, болалар овқатланмайди, бўйи паст. 1982 йилда советлар бўй ўлчашган. Ўшанда қозоғистонликлар ва ўзбекистонликлар ўртасида фарқ катта эмасди. Ҳозир Қозоғистонда иқтисодий ривожланиш бўлди. Лекин Ўзбекистонда систематик равишда бўй ўлчашмаяпти. Менинг қўлимда ҳозир маълумот йўқ, лекин, тушунишим бўйича, ҳозир Қозоғистонга борсангиз, болалар [бўйи] бизнинг болалардан анча баландроқ. Улар қачондир баландроқ эмасди, яъни генетик қисми йўқ бўлиб кетганди дейлик. Ўзбекистонда камбағал бўлгани учун болалар етарлича овқатланмайди, шунинг учун [уларнинг] бўйи паст деса бўладими?», — деган Ҳошимов.

Маълумот ўрнида, stunting 5 ёшгача болаларда ўлчанадиган кўрсаткич ҳисобланади. Stunting бола бўйининг ёшга нисбатан пастлигини англатади. Кўрсаткич Жаҳон савдо ташкилотининг дистрибуцияси бўйича ҳисобланади.

Комилжон Акрамов бу албатта етарли ва тўғри овқатланиш масаласи (nutrition) билан боғлиқлигини айтди.

«UNICEF Статистика агентлиги ва Cоғлиқни сақлаш вазирлиги билан ўтказган 2017 йилги „Global Nutrition Report“ кўрсатилишича, Ўзбекистонда ҳар ўн нафар боладан бири „stunted“ (ривожланишдан ортда) дейиляпти. Лекин бу жуда баланд эмас. Агар солиштирадиган бўлсангиз, 90 йилларда бу 30 фоиздан баланд бўлган. 2010 йилда ҳам 20 фоиздан баланд бўлган. Агар кўрсаткич ҳақиқатан ҳам 30−20 фоиздан 10 фоизгача, яъни 3 бараварга пасайган бўлса, бу динамикада яхши кўрсаткич», — деди мутахассис.

Иқтисодчи кўрсаткич бу даврда кескин камайганига қарамай, 10 нафар боладан бири «stunted» (ривожланишдан ортда) экани яхши ҳолат эмаслигини таъкидлаб ўтган.

«Содда қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳар ўн нафар боладан бири етарли ва тўғри овқатланмагани учун жисмоний ривожланишдан ортда. Бунинг когнитив таъсири, яъни нафақат бўй ўсиши балки мия ишлашига ҳам таъсири бор. Бу тўйиб ёки етарли даражада овқатланмасликдан ҳам бўлиши мумкин. Яъни етарли даражада ҳамма витаминлар, микроэлементлар истеъмол қилмаслиги натижаси ҳам бўлиши мумкин», — дейди Комилжон Акрамов.

Қайд этилишича, бу рақам бутун Ўзбекистон бўйича ўртача олинган. Шаҳар ва қишлоқлар ўртасидаги фарқ катта эмас, лекин вилоятлар ўртасидаги фарқ катта. Вилоятлар ўртасида фарқ икки хонали рақамгача етади.

«Тошкентда бу кўрсаткич адашмасам, 2 фоиз атрофида (ўртача кўрсаткичдан 5 баравар яхши). Бунга асосий сабаблардан бири иқтисодий. Маълумотлар етишмаслиги ёки одамларнинг иррационал овқатланиши ҳам сабаб бўлиши мумкин, лекин иқтисодий сабаб асосийси», — деди IFPRI катта илмий ходими.

Комилжон Акрамов озиқ-овқат етишмовчилиги бўйича Марказий Осиё бўйича вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, бу кўрсаткич бўйича 1990-йиллардаги вазият Марказий Осиё мамлакатларида деярли бир хил бўлган. Кейинчалик Қозоғистон овқатланиш хилма-хиллиги даражаси бўйича Россия, Белорусь билан бир хил даражага етиб олган. Ҳозирда улардаги вазият Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидагидан кескин фарқ қилади. Яъни ўзбекистонликлар қозоғистонликларга нисбатан анча сифатсиз калория истеъмол қилади.