Тошкент вилояти Оҳангарон туманида 2023 йилнинг ноябрь ойи охирига қадар янги маиший чиқинди полигони ишга туширилади. Бу ҳақда Экология вазирлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда иштирок этган «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Оҳангарон чиқинди полигони 1966 йилда қурилган бўлиб, умумий майдони 59 гектар, полигоннинг ўзи 40 гектардан иборат. Ҳозиргача бу ерда 30 млн тоннага яқин чиқинди кўмилган. Полигонга бир кунда Тошкентнинг ўзидан 2500 тоннагача чиқинди олиб чиқилади.

2019 йилнинг июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев мазкур полигон 98 фоизга тўлганини маълум қилиб, уни ёпиш ва янгисини қуриш кераклигини айтганди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу атроф-муҳит тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала.

2023 йилга келиб, полигон яқинидаги майдонда 17 млн доллар эвазига Осиё тараққиёт банки кўмагида 30 гектарли янги полигон қурилмоқда. У 2023 йилнинг ноябрь ойи охирига қадар ишга тушади ва ундан 15−20 йил мобайнида фойдаланиш мумкин бўлади.

«Янги полигонимиз дунё стандартларига мос келади, тўрт қаватли ҳимоя плёнкалари ўрнатилади, табиатга зарар келтирмайди. Унинг тагида метан газ олиш учун махсус қувурлар ҳам қуриляпти. Шу билан бирга, чиқиндини зичлаганда чиқадиган суюқликлар махсус насослар орқали тортилади. Шу тариқа ер остига ҳеч қандай зарар етказилмайди», — деди «Чиқиндиларни қайта юклаш ва утилизация қилиш» ДУК раҳбари Рафаэл Микулин.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги Оҳангарон полигони Кореянинг Sejing компанияси маблағлари асосида рекултивация қилинади. Унга ўрнатиладиган қувурлар орқали ҳосил бўлган метан газлари тортиб олинади ва ундан электр энергияси олинади.

Уйдан чиққан чиқинди қаерга кетади?

Хонадонлардан чиқаётган чиқиндилар дастлаб маҳаллалардаги йиғиш пунктлари — чиқиндихоналарда тўпланади. «Махсустранс» машиналари уларни йиғиб, қайта юклаш станцияларига олиб боради. Тошкентдаги учта қайта юклаш станцияси бўлиб, улар Юнусобод, Яккасарой ва Яшнобод туманларида жойлашган. Станцияларга келтирилган чиқиндилар контейнерларга зичлаб жойлаштирилгач, охирги манзил ─ Оҳангарон полигонига олиб борилади.

Тошкент шаҳар «Махсустранс» ишлаб чиқариш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Сагдуллаевнинг айтишича, пойтахтда кунига 2300 тоннагача чиқинди чиқади. Бошқарманинг 260 та махус машинаси шаҳарнинг 72 фоиз қисмига хизмат кўрсатади. Аҳоли томонидан белгиланмаган жойларга ташлаб кетилган чиқиндиларни йиғиш учун навбатчи транспортлар ҳам фаолият юритади.

Бу ерда йиғилган чиқиндилар махсус техникалар ёрдамида зичланади. Махсус контейнерларга жойланиб, Оҳангарондаги полигонга жўнатилади. Полигонда эса чиқинди тўкилади, булдозерлар орқали сурилиб, белгиланган миқдорда ёйиб чиқилади, устидан тупроқ билан ёпилиб, рекултивация қилинади.

Ўзбекистонда қанча чиқинди полигони бор?

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бош мутахассиси Умар Абдуллаевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда республикада 160 та маиший чиқинди полигони фаолият юритади. Аввал бўлган 243 та полигондан 47 таси тўлгани ва айрим талабларга жавоб бермагани сабабли ёпилган. Яна 25 таси ёпишга тайёрланмоқда. Бундан ташқари, яна 8 та полигонни ёпиб, ҳокимият захирасига ўтказишга тайёрлаб қўйилган.

Президент 2022 йилнинг февралида ҳудудлар раҳбарларига ресурсини ўтаб бўлган маиший чиқинди полигонларини жами 165 гектар майдондаги 24 тасини 1 майга қадар кўмиш чораларини кўришни топширганди. Шунингдек, мутасаддиларга полигонларни рекультивация қилиш дастурини ишлаб чиқиб, тегишли ишларни бошлаш буюрилган.

Президентнинг 2023 йил 31 майдаги фармонига мувофиқ «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларига тегишли қаттиқ маиший чиқинди полигонлари Экология вазирлиги тасарруфига ўтказилган. Вазирликнинг умумий штатлари доирасида юридик шахс мақомига эга давлат муассасаси шаклидаги «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси ташкил этилиши белгиланган.

Хусусан, фармон билан 3 та чиқиндиларни қайта юклаш станциялари барпо этилиши, шунингдек, 103 та чиқинди йиғиш шохобчалари қурилиши ва 558 та чиқинди контейнерлари ўрнатилиши режалаштрилган.