Бир ой муддатда Оҳангарон туманида 30 гектар майдонда чиқиндиларни қайта ишлайдиган полигон ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 2 февралдаги видеоселектор йиғилишида кўрсатма берди, деб хабар берди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мазкур лойиҳа қиймати 17 млн долларга тенг бўлиб, у Осиё тараққиёти банки иштирокида амалга оширилади.

Қолаверса, давлат раҳбари йиғилишда янги кўп қаватли уй-жойлар лойиҳасида санитар-гигиеник талаблар асосида замонавий чиқинди йиғиш шохобчалари қуриш талаби шаҳарсозлик нормаларига киритилиши зарурлиги таъкидлади.

Шунингдек, ҳудудлар раҳбарларига ресурсини ўтаб бўлган маиший чиқинди полигонларини (жами 165 гектар майдонда 24 та) 1 майга қадар кўмиш чораларини кўриш топширилди.

Мутасаддиларга полигонларни рекультивация қилиш дастурини ишлаб чиқиб, тегишли ишларни бошлашга топшириқ берилди.

Умуман, келгуси йилдан полигонлар ташкил этиш ва уларни ёпишни тартибга солиш бўйича аниқ молиявий манбаларини кўрсатган ҳолда қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг июнь ойида президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган Тошкентдаги маиший чиқиндилар ташланадиган полигон 98 фоизга тўлганини маълум қилганди. Давлат раҳбари ўшанда «ушбу полигонни ёпиш ва янгисини қуриш кераклигини» айтганди.

Оҳангарондаги ушбу полигонинг санитар ҳолати шу вақтга қадар экологлар томонидан ҳам қониқарсиз эканлиги қайд этилган. Унинг атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш ва ҳудудни ободонлаштириш чора-тадбирлари белгиланиб келарди.