Тошкент вилоятидаги «Оҳангарон» ва «Майдонтол» полигонларида ҳосил бўладиган газдан электр энергияси ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши бошланди. Бу ҳақда Табиий ресурслар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мажмуанинг пойдеворини қўйиш маросимида Корея Республикасининг ушбу мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон табиий ресурслар вазири ўринбосари Нарзулла Обламурадов, энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев ҳамда лойиҳани амалга оширувчи Sejin G&E компанияси раҳбари Ли Кюнг Ёнг иштирок этишди.

sejin g&e, чиқинди гази

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида, нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақасидаги ягона бўлган йирик маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш станцияси ташкил этилади.

Sejin G&E лойиҳага 55 млн АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини йўналтиради. Мажмуа ишга тушганидан сўнг камида 16 МВт бўлган электр энергияси ишлаб чиқарилади.

2018 йилда Sejin G&E томонидан Тошкент вилоятидаги иккита полигонда умумий қуввати камида 16 МВт — 10 дона 1560 кВт ва 2 дона 500 кВт бўлган полигон газидан электр энергияси ишлаб чиқариш учун 12 та генератор ва ёрдамчи ускуналар ўрнатилиши ҳақида хабар қилинган эди.