Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида жойлашган Тошкентдаги маиший чиқиндилар ташланадиган полигон 98 фоизга тўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нурафшонда ҳокимлар ва ҳудуд секторлари раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу полигонни ёпиш ва янгисини қуриш керак. «Бу экология тозалиги, аҳоли саломатлиги учун муҳим масала», — деди давлат раҳбари.

Президент Тошкент вилоятидаги ижтимоий ва коммунал соҳаларга оид масалаларга ҳам эътибор қаратди.

«Вилоятда аҳолининг 64 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминлангани жиддий муаммо. Амалда бу кўрсаткич 40−50 фоиз даражасида. Бўка, Қуйичирчиқ, Ўртачирчиқ, Юқоричирчиқ туманлари ва Нурафшон шаҳрида 30 фоизга ҳам бормайди. Сизлар кабинетда қандай ўтирасизлар?» — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу муаммони ҳал этиш мақсадида жорий йилда 440 километр ичимлик суви тармоқлари ва 301 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки иштирокидаги қиймати 144 миллион долларлик лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида қурилиш ишлари бошланган.

Ўрта таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги муаммолар, шунингдек ички йўллар билан боғлиқ муаммоларни тезда бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги иқтисодий аҳволнинг қониқарсиз эканини танқид остига олиб, одамлар қуруқ гапларга ишонмаслигини таъкидлаб ўтган эди. Йиғилишда Қуйичирчиқ тумани ҳокими вазифасидан озод қилинди.