Нашида ортидан қамалган 20 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди, дея хабар қилмоқда Олий суд матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Тошкент вилоят судида Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) га оид жиноят иши унинг ҳимоячилари томонидан жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судининг 2023 йил 8 майдаги ҳукми устидан берилган апелляция шикоятларига асосан апелляция тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди.

Жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси С.Аширматов раислигида ҳамда судьялар Ҳ.Бердиқличев ва Х.Усмоновдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди. Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 17 июлдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Ушбу ажрим устидан Олий судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест билдирилиши мумкинлиги маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, YouTube`даги нашидани Telegram гуруҳга юборган 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродовнинг 3 йилга қамалгани ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлганди. Кейинчалик Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси «тергов идоралари унинг ҳаракатларини тўғри малакалаган», дея хабар берди. Шунингдек, йигитнинг онаси Гулчеҳра Умарова ўғли билан боғлиқ вазият юзасидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Олий судга видеомурожаат йўллади.

Олий суд матбуот хизматининг хабар беришича, иш ҳужжатларига кўра Жаҳонгир Улуғмуродовга тегишли бўлган iPhone Х смартфони холислар иштирокида кўздан кечирилган вақтда унинг фойдаланувида бўлган телефон рақамига очилган Telegram профили ёрдамида ўзбек тилидаги «Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз» номли жиҳод ва ҳижратга даъват қилувчи диний мазмундаги нашидаларни 10 нафар аъзоси бўлган «Alhamdulillah» номли гуруҳга тарқатгани аниқланган.

Шу сабабли йигитга тегишли мобил алоқа воситаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган. Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон тумани судининг 8 майдаги ҳукмига кўра Жаҳонгир Улуғмуродов (2002 йилда туғилган, маълумоти — тугалланмаган олий)га Жиноят кодексининг 244−1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди билан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш)ни қўллаб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.