«Тез ёрдам»нинг Андижон, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё ҳудудий филиалларида «103 Med-data» автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Қайд этилишича, «Тез тиббий ёрдамнинг 2022 — 2023 йиллардаги чора-тадбирлар стратегияси»га кўра, ўтган 6 ой давомида Республика тез тиббий ёрдам маркази ҳудудий филиаллари сўнгги русумдаги моноблок, монитор, IP телефон, коммутатор ва сервер шкаф каби замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланди.

«Қолаверса, бу йил Тошкент шаҳар тажрибасига асосан Андижон, Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё ҳудудий филиалларида тез тиббий ёрдам хизматининг „103 Med-data“ автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилди. Фарғона, Бухоро ва Тошкент вилояти филиалларида эса ушбу амалиёт тест-синов режимида фаолият юритяпти», — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.

Тизимда:

  • тез тиббий ёрдам автомашиналарини бошқаришни мониторинг қилиш ва оптималлаштириш;
  • диспетчерлик хизматини реал вақтда бошқариш, таҳлил, маълумотнома ва ҳисоботларни автоматик яратиш;
  • ягона маълумотлар базасини шакллантириш;
  • қўнғироқларни тезкор рўйхатдан ўтказиш ва бемор ҳақида маълумот олиш;
  • ҳисобот ҳужжатларини яратиш ва кўриш имкони мавжуд.

Мазкур тизим орқали қўнғироқларни қабул қилиш, хизмат кўрсатиш ва рўйхатдан ўтказишни самарали бошқариш мумкинлиги таъкидланган.