Ўзбекистоннинг янги сайланган президенти Шавкат Мирзиёев жума куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилди ва инаугурация маросимида нутқ сўзлади (видео).

«Одамлар энди биздан янги амалий ишларни кутяпти. Миллионлаб инсонлар — ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз бугун бизга умид ва ишонч билан кўз тикиб турибди», — деди президент (унинг матбуот котиби Шерзод Асадовдан иқтибос).

«Ана шундай умид ва ишончни оқлаш, эришган ютуқларимизни янги натижалар билан мустаҳкамлаш бизнинг нафақат вазифамиз, балки инсоний бурчимизга айланиши шарт», — деди у.

Давлат раҳбари барча даражадаги раҳбарлар «чиройли, баландпарвоз гапига қараб» эмас, балки фаолиятининг аниқ натижаларига кўра баҳоланишини таъкидлади.

«Қонунларни, одамларни менсимайдиган, уларга қўпол муносабатда бўладиган, бюрократия ва коррупция балосига берилган ҳар қандай раҳбар билан — у вазир ёки ҳоким бўладими, бошқа масъул вазифадаги амалдор бўладими — салбий ҳаракатлари билан давлат обрўсига путур етказаётган бундай кишилар билан узил-кесил хайрлашамиз», — деди президент.

Уларнинг ўрнини «билимли, Ватан ва халқ ташвиши билан яшайдиган ёш-ёш йигит-қизлар» эгаллайди.

«Сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда… Бу — ҳақиқат! Буни ҳамма сезиши, билиши керак. Буни сезмаган раҳбарнинг келажаги бўлмайди», — деди у.

Ўзбекистон бюрократия ва коррупциядан холи давлатга айланиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.

«Келган ислоҳотчи, сармоядор Ўзбекистонда демократик тизим [мавжуд] эканини, Ўзбекистон очиқлигини, бюрократия йўқлигини билиши керак. Энг муҳими, коррупция йўқ деса, барча ишимиз халққа ваъда берганимиздек бўлади. Ҳурматли сенаторлар, депутатлар, бугунги тантанали мажлис қатнашчилари, вакилларимиз, буларнинг барчаси ўз қўлимизда эканини билишимиз керак. Агар биз замон талабларига жавоб берадиган қонун ва фармонларни қабул қилсак, албатта, бунинг биринчи қадамларини қўйдик Лекин одамлар ҳаётимда, ҳовлимда, кўчамда, маҳаллада, туманда, вилоятда нима янгиланади, нима ўзгаради, деган саволни бериб, диққат билан кўз тикиб турибди», — деди у.

«Ҳамма тизимимиз ўзгаради», — деди давлат раҳбари. «Ўзгармаганларни ўзгартиришга мажбур қиламиз. Ўзгармаса, улар билан хайрлашамиз. Нега десангиз, замоннинг талаби шу», — деди президент.

Давлат раҳбари «эртанги куннинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини» ёшларда кўраётганини айтди.

«Уларга салгина тажриба етмаяпти. Ҳамма соҳага улар муовин ёки ёрдамчи қилиб тайинланса, олти ой, бир йил, икки йилдан кейин моҳир бошқарувчи бўлади. Улар ватанпарвар, улар мусофирлик нималигини, илм нималигини, Ватан нималигини, Ватан соғинчи нималигини ҳис этиб қайтиб келди», — деди давлат раҳбари.

Айни шу нутқида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда конструктив мухолифат фаолияти, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари кафолатланишини таъкидлади.