Ўзбекистонда конструктив мухолифат фаолияти кафолатланади. Бу ҳақда сайланган президент Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимидаги нутқида айтиб ўтди.

«Ўзбекистонда барча сиёсий ҳуқуқлар қаторида виждон ва эътиқод эркинлиги кафолатлари сўзсиз таъминланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Биз демократия ва очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, конструктив мухолифат фаолиятини, сўз ва матбуот эркинлиги, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини кафолатлаймиз», — деди президент.

2019 йил якунида Шавкат Мирзиёев мамлакат ичида сиёсий мухолифат пайдо бўлиши, халқнинг барча муаммоларини билиши учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлаганди.

2021 йил сентябрь ойида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафаев жамият мухолифат, танқид ва муқобил ғояларсиз ривожланиб бўлмаслигини таъкидлаган эди.