9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловининг дастлабки натижаларига кўра, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. Шундан сўнг сайланган давлат раҳбари қўшни ҳамда ҳамкор давлатлар раҳбарларидан табрикларни қабул қила бошлади.

Дастлаб у Туркманистон миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси Мирзиёевни сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан табриклаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади. Икки мамлакат етакчилари минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашди. Бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам Шавкат Мирзиёевни сайловда қозонган ишончли ғалабаси билан қутлаб, у билан кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди. Озарбайжон раҳбари мамлакат етакчисини сайловдаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди. Суҳбат аввалида Туркия раҳбари ишончли ғалаба билан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Туркманистон президенти давлат раҳбарини ишончли ғалабаси билан самимий табриклади. Раҳбарлар ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон етакчисини ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, унга янги муваффақиятлар, фаровонлик ва равнақ тилади. Мулоқотда савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни янада илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда мамлакат етакчиси давлат раҳбарини сайловда қозонилган ишончли ғалаба билан дилдан қутлади. Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Ишбилармонлар ва ҳудудлар даражасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлиги ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали мулоқоти давомида фаол ва тизимли сиёсий алоқаларни давом эттириш, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, ишбилармонлик ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди. Венгрия Бош вазири ҳам мамлакат етакчисини ишончли ғалаба билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Қутловлар келишда давом этмоқда.

Маълумот учун, сайловда 15 миллион 651 минг 405 нафар сайловчи ёки умумий 19 миллион 593 минг 838 нафар сайловчининг 79,88 фоизи иштирок этди. Сайловда энг юқори фаоллик Жиззах вилоятида қайд этилди — 85,28 фоиз, энг пасти Тошкент шаҳрида — 72,97%.

«Адолат» социал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Робахон Махмудова 4,43 фоиз овоз тўплади — унга 693 минг 634 киши овоз берди.

ЎзХДП номзоди ва унинг етакчиси Улуғбек Иноятов 4,2 фоиз — 629 минг 116 нафар овоз тўплади.

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Хамзаев 3,74 фоиз — 585 минг 711 киши овозини қўлга киритди.