Ўзбекистон Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармаси ҳузурида ққўриқлаш-патруль хизматини ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган ҳукумат қарори лойиҳасида айтилади.

Янги тизим «юзага келаётган криминоген ва ижтимоий вазиятга тезкор таъсир кўрсатишни таъминлаш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятига қўшимча куч ва воситаларни жалб этиш борасидаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мақсадида ташкил этилаётгани қайд этилган.

Ҳужжат президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2023 йил 13 январдаги мажлиси баённомаси асосида яратилган.

Хизмат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар билан ихтиёрий равишда тузилган шартномаларга асосан белгиланган ҳудудларда ташкил этилади.

Қўриқлаш-патруль хизмати ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг талабидан келиб чиқиб, жамоат тартибини сақлаш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва шу ҳудудда объектларни қўриқлаш бўйича ихтиёрий равишда тузиладиган шартнома асосида кўрсатиладиган қўриқлаш хизматлари учун тушадиган маблағлар ҳисобига ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш тамойили асосида амалга оширади.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари таркиби икки ёки уч нафар ходимлардан иборат бўлади. Қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни шартномада белгиланган ҳудудда, йўналиш бўйлаб, махсус автотранспортда амалга оширади.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядларининг махсус автотранспортдаги йўналишининг масофаси 6−8 км.ни ташкил этади. Тузилган шартнома талабларига кўра мазкур масофа узайтирилиши ёки қисқартирилиши мумкин. Қўриқлаш-патруль хизмати нарядларининг махсус автотранспорт воситаси автомобиль радиостанцияси, махсус нур ва товуш чиқарувчи мосламалар, овоз кучайтириш қурилмаси ва бошқа зарурий техник воситалар билан жиҳозланади.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари Миллий гвардия қўмондонининг тегишли буйруқларида белгиланган формали кийим-бошда хизмат ўтайди ва экипировка билан таъминланади. Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳудудий Қўриқлаш бошқармалари бошлиқларининг топшириғига асосан фуқаролик кийимида хизмат ўташи мумкин.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядларининг асосий вазифалари — патрулликни амалга ошириш орқали шартномада белгиланган ҳудудда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, патрулликни амалга ошириш ҳудудида қонунбузарлик хатти-ҳаракатларини ўз вақтида аниқлаш, уларни олдини олиш ва бартараф этиш, шартномада объектларни, мол-мулкларнинг қўриқловини амалга ошириш.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ҳужжатларини, шу жумладан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларни шахсий кўрикдан (тинтувдан) ўтказишни амалга ошириш, ашёларни, транспорт воситаларини ҳамда олиб ўтилаётган юкларни кўздан кечириш, шу жумладан назоратнинг техник ва бошқа воситалари қўлланилган ҳолда кўздан кечириш;
  • фуқаролардан жиноят, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жойни, ҳодиса жойини тарк этишини талаб қилиш;
  • жиноятларнинг олдини олиш, уларни содир этган ёкиқидирувда бўлган шахсларни ушлаш бўйича тезкор таъсир чораларини кўриш;
  • фуқаролардан қонун ҳужжатларига риоя этишни, ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда эсамажбурлов чораларини қўллаш;
  • жой участкаларини, турар жойларни, иморатларни ва бошқа объектларни ўраб олиш (тўсиб қўйиш);
  • Миллий гвардиянинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун ички ишлар органларининг, шунингдек бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларидан фойдаланиш;
  • жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишда гумон қилинаётган шахсларниушлаб туриш ва Миллий гвардия ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига қонунчиликда белгиланган тартибда олиб бориш;
  • қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва белгиланган тартибга мувофиқ жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш.

Қўриқлаш-патруль хизмати нарядлари қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиш ҳуқуқига эга.