Президент Шавкат Мирзиёев 1 июль куни «Ялла» ансамбли ташкил этилганининг 50 йиллиги муносабати билан ижодий жамоани мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

«Эл-юрт хурмати» ордени билан ансамблнинг бадиий раҳбари Фаррух Зокиров, «Дўстлик» ордени билан созандалар Аббос Алиев, Жавлон Тохтаев ва Тимур Халиков, шунингдек, ансамбл директори Игор Халиков тақдирланди.

Мукофотлар «ёрқин истеъдоди, юксак профессионал маҳорати, кўп йиллик самарали ижодий фаолияти билан ўзбек эстрада санъатини ривожлантириш, халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, халқлар ўртасида маданий алоқалар, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси, навқирон иқтидор эгаларининг қобилиятини рўёбга чиқариш, халқ, айниқса, ёшларни ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги алоҳида хизматлари» учун топширилган.

«Ялла»нинг машҳур қўшиқлари қаторидан „Уч қудуқ“, „Шаҳрисабз“, „Чойхона“, „Шарқ юлдузи“, „Ёрқин“, Тошкент», «Севимли кўзларсиз» ва бошқалар жой олган.