«Газета.uz»да мавжуд маълумотларга кўра, 2023 йил бошидан буён Ўзбекистон Россиядан бензин импортини сезиларли даражада оширди.

2022 йилда Ўзбекистон 161,68 млн литр бензинни 99,28 млн долларга ёки литрини 0,61 центга (Марказий банкнинг ўтган йилги ўртача курси бўйича литри 6 782,3 сўм) импорт қилди. Бензиннинг маркалари кўрсатилмаган.

Етказиб берилган бензиннинг асосий қисми (88 фоизи) Россиядан келган — 142,7 млн литр 88,44 млн долларга (0,62 цент ёки литри 6846,4 сўм).

Ўзбекистонга бензин импорти бўйича иккинчи ўринни (10,1%) Туркманистон эгаллади — 16,34 млн литр 8,85 млн долларга (0,54 цент ёки литри 5985,8 сўм). Беларус, Тожикистон ва Туркиядан эса кичик ҳажмдаги бензин олиб келинди.

2023 йил бошида бензин импорти миқдори бир неча баробар ошди. Дастлабки тўрт ойда 335,2 млн литр бензин импорт қилинган, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 2 баробарга кўп. Етказиб беришнинг умумий қиймати 136,67 млн долларни ёки литри 0,4 центни (Марказий банкнинг жорий йилнинг январь-апрель ойлари учун ўртача курси бўйича 4624,4 сўм) ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга арзон.

Деярли барча бензин (97,7 фоиз) Россиядан импорт қилинган. Мамлакат Россиядан ўтган йилга нисбатан 2,3 баравар кўп — 327,8 млн литр бензинни 132,3 млн долларга (литри 0,4 центдан ёки 4579 сўм) сотиб олди.

Туркманистондан 2,15 млн литр (0,6 фоиз) бензин 1,41 млн долларга (литри 0,65 цент ёки 7452 сўм), Беларусдан 1,7 млн долларга 2,33 млн литр (литри 0,73 сент ёки 8316,7 сўм) бензин сотиб олинди.

Ўзбекистон Қирғизистондан ҳам бензин импорт қилишни бошлади. Йил бошидан буён Қирғизистондан 1,11 млн долларга (литри 0,4 сент ёки 4555 сўм) 2,76 млн литр (улуш 0,8%) бензин сотиб олинган.

Мамлакат
2022
2023 январь-апрель
ҳажми (минг литрда)
нархи (минг доллар)
ҳажми (минг литрда)
нархи (минг доллар)
Жами
161 681,9
99 277,0
335 234,7
136 672,0
Россия
142 697,3
88 446,9
327 820,0
132 344,2
Беларусь
2 577,4
1 945,8
2 334,0
1 711,3
Туркманистан
16 336,5
8 853,0
2 148,8
1 411,8
Қирғизистон
-
-
2 765,8
1 110,8
БАА
-
-
166,0
94,0
Тожикистон
39,3
17,3
-
-
Туркия
31,3
14,0
-
-

Россиядан импорт қилинадиган бензин миқдори қисқариши мумкинми?

Аввал хабар берганимиздек, Россия ҳукумати биржа савдоларида нархлар ошиши сабабли бензин экспортини қисқартириш масаласини кўриб чиқмоқда. Таъминотнинг камайиши Ўзбекистонга таъсир қилиши мумкин.

Ўзбекистонда маҳаллий бензин ишлаб чиқариш, айниқса, Аи-80 ёқилғисига бўлган талаб тўлиқ қопланмайди. «Ўзбекнефтгаз» миллий ишлаб чиқариш қуввати билан талабни тўлиқ қондириш имконияти чекланганини тан олди. Декабрь ва январь ойларида об-ҳаво ҳарорати кескин совиб кетиши ҳамда автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар жорий этилган, шу сабабли аҳолининг Аи-80 автобензинига бўлган талаби таклифга нисбатан кескин ошган.

Ўтган йили Ўзбекистонда 1,26 млн тонна (880,4−924,4 млн литр) бензин ишлаб чиқарилган бўлиб, бу 2021 йилга нисбатан 11,4 фоизга кўпдир. 2023 йилнинг январь-апрель ойларида ишлаб чиқариш ҳажми 504,6 минг тоннани (+31,9%) ташкил этди.

Бензин импортининг кескин ошиши ўтган йилнинг декабрь ойи бошидан жорий йилнинг охиригача импорт ва маҳаллий Аи-80 бензинига акциз солиғининг бекор қилиниши ҳамда президентнинг бензин ва дизель ёқилғиси захирасини шакллантириш бўйича топшириғи билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Январь ойи охирида Ўзбекистон ҳам Россиядан Аи-80 бензинини импорт қилишни бошлади. Кейин Россиянинг «Газпром», «Татнефт» ва «Орскнефтеоргсинтез» нефтни қайта ишлаш заводи каби компаниялари билан 50 минг тонна Аи-80, шунингдек, хусусий тадбиркорлар билан 5 минг тонна айни маркадаги бензин импорти бўйича шартномалар имзоланди.