Туркия Марказий банки 22 июнда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида мамлакатда фоиз ставкасини 8,5 фоиздан 15 фоизга ошириш бўйича қарор қабул қилди. Бу фоиз ставкасининг 2021 йилдан бери биринчи марта оширилиши.

Сўнгги йилларда Туркия регулятори президент Эрдоғаннинг «паст қарз харажатлари» сиёсати таъсири остида фоиз ставкасини мунтазам пасайтириб келаётган эди. Бу, ўз навбатида, чуқур инфляция, яшаш харажатларининг кўтарилиши ва инвесторларнинг мамлакатни тарк этишига олиб келди. Туркиянинг янги иқтисодий раҳбарияти, шунингдек, «эркин валюта режими» қайта тикланишини ваъда қилмоқда.

Шунга қарамай, ўсиш кўлами кутилмаларни оқламади. Financial Times нашрига кўра, мамлакатда нарх босимини бартараф этиш янада кескин чораларни талаб этарди. Банк қароридан кейин лира долларга нисбатан навбатдаги рекорд даражасини қайд этди — 24,5. Маҳаллий ишбилармонлар ва халқаро инвестиция банклари фоиз ставкасининг 20 фоизга ошишига умид қилишган.

Мамлакатнинг янги молия ва иқтисодиёт вазири Меҳмет Шимшек ставкани ошириш бўйича регулятор қароридан сўнг Туркия иқтисодий сиёсати эндиликда «тартибга солишга асосланган» пул ва молия сиёсати орқали эришилган «барқарор» ўсишга қаратилишини таъкидлади. Шунингдек, у «эркин валюта режими» сўнгги йилларда Туркияни тарк этган инвесторларни қайтариш йўлида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини қайд этган.

Мамлакат бу йил ўз валютасини давлат банклари воситасида ҳимоя қилиш, шунингдек, бизнес вакиллари ҳамда истеъмолчилар хориж валютасини сақлаши ва сотишининг олдини олиш мақсадида амалга оширган чоралари учун камида 25 млрд долларга яқин маблағ сарфлади.

Бир қатор мутахассисларга кўра, Туркия иқтисодиёти паст фоиз ставкалари ва ўтган ойдаги сайлов олдидан ҳукумат хайриялари натижасида ҳаддан ташқари «қизиб кетган». Ҳафизе Эркан раҳбарлигидаги Марказий банк келгуси ойларда қарз олиш харажатларининг янада ошишига ишора қилиб, «инфляция кўрсаткичида сезиларли яхшиланишга эришилгунга қадар сиёсат вақти-вақти билан ва босқичма-босқич зарур даражада кучайтирилиши»ни таъкидлаган. Шунга қарамай, банкнинг собиқ бош иқтисодчиси Ҳакан Каранинг фикрича, пайшанба кунги қарор «раҳбариятнинг яқин истиқболдаги устувор йўналиши инфляцияни пасайтириш эмас, балки [иқтисодий] ўсиш бўлишидан далолат бермоқда».

Ҳозирда Туркия регулятори мамлакатда инфляция деярли 40 фоизни ташкил этгани ҳолда, яшаш харажатлари инқирозини енгишга умид қилмоқда. Financial Times нинг ёзишича, банкнинг фоиз ставкасини ошириш ҳақидаги қарори унинг анъанавий сиёсатга ўтишини кўрсатган бўлса-да, инвесторлар Туркияни йигирма йил давомида бошқарган Эрдоған фақат вазиятни ўзгартириш учун бу йўлдан бораётган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Марказий банкнинг собиқ раҳбари Начи Ағбал 2021 йил бошида, ўз муддатидан бир неча ой ўтгач, қарз олиш харажатларини оширгани учун ишдан бўшатилган.

Мамлакат президентлигига қайта сайланган Режеп Таййип Эрдоған Меҳмет Шимшекни ғазначилик ва молия вазири этиб тайинлагани ҳамда Марказий банк раҳбарлигини Ҳафизе Гайе Эрканга ишониб топширганидан сўнг мутахассислар ва жамоатчиликда пул-кредит сиёсатининг анъанавий йўналишга қайтилиши, молиявий вазиятнинг барқарорлашувига умид уйғонган эди.