20 июнь куни Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев журналистлар билан мулоқот давомида Украинадаги «Каховка» ГЭСи портлатилганига тўхталиб ўтди, дея маълум қилди «Газета.uz» мухбири.

«[Украинадаги] „Каховка“ ГЭСи портлатилиши ҳақиқатан ҳар бир сув иншоотининг хавфсизлигига кўпроқ эътибор бериш кераклигини яна бир марта кўрсатди. Ҳар биттаси бўйича фавқулодда вазиятда қандай ва нима ишлар қилиш кераклигини ишлаб чиқиш лозим. Бизни барча ГЭСларимиз ва сув омборларимиз фавқулодда портласа, кейинги жараён нима бўлиши бўйича ҳар биттасида лойиҳа қилинган. Бунда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, „Ўзбекгидроэнерго“ нима қилиши бўйича [аниқ вазифалар] белгиланган. Бу бўйича албатта, давлатимизда чора-тадбирлар амалга оширилиб бориляпти», — деди Шавкат Хамраев.

Вазирнинг қайд этишича, вазирлик яқинда бу борада амалий ўқув машғулоти ўтказган.

«Чорвоқ ГЭСи портлади, деб тасаввур қилдик-да, сув неча соатда бизга етиб келиши, қаерга бориб дислокация қилишимиз, қаерда «палатка»лар [ўрнатиб], сувни қандай бошқариш бўйича машғулот ўтказдик. Ҳамма сув омборларида шунақа вазиятлар ва биринчи навбатда сув қаерга келиши, баланд нуқта қаерда бўлиши (ва бошқалар) бўйича лойиҳа қилинган», — деди у.

Аввалроқ ушбу анжуманда Ўзбекистон сув хўжалиги вазири «Газета.uz» мухбирининг «Толибон» Амударёдан сув олиш учун қураётган Қўштепа канали ҳақидаги саволига жавоб бергани ҳақида ёзгандик. Унга кўра, Ўзбекистон бу масалада «Толибон»га ёрдам кўрсатади. «Бу канал икки халқни уриштирадиган эмас, бирлаштирадиган дўстлик канали бўлади», — деди у.