Турбинали залнинг портлаши натижасида Каховка ГЭСи бутунлай вайрон бўлган. Станция қайта тикланмайди, деб хабар берди Украинанинг «Укргидроэнерго» матбуот хизмати.

«6 июнь куни эрталабдан Каховка сув омборида сув сатҳи тез пасаймоқда, тошқин бўлиши мумкин бўлган ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланди», — дейилади компания хабарида.

«Укргидроэнерго» аниқлик киритишича, сув омбори сатҳининг назоратсиз пасайиши Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Запороже атом электр станцияси учун қўшимча хавф ҳисобланади. «Каховка сув омборидаги сув АЭСга турбинали конденсаторлар ва станция хавфсизлик тизимларининг қувват олиши учун зарур», — дея тушунтирди матбуот хизмати ва станциянинг совитиш сув ҳавзаси ҳозир тўлалигини қўшимча қилди.

Каховка ГЭСини қайта тиклаш мумкин эмаслиги ҳақидаги маълумотни босиб олинган Новая Каховка ҳокимияти ҳам тасдиқлади. Шаҳарга Россия томонидан тайинланган «мэр» Владимир Леонтьев станцияни қайта қуриш кераклигини айтди. Владимир Леонтьев аввалига портлаш ҳақидаги маълумотни рад этди, бироқ кейинроқ Украина томонидан тунги ўққа тутиш оқибатида станциянинг юқори қисми вайрон қилингани, аммо тўғоннинг ўзи сақланиб қолганини билдирди. ТАСС хабарига кўра, Каховка ГЭСи тўғонининг 28 та оралиқ қисмидан 11 таси вайрон бўлган.

Google Maps Херсон вилоятининг Днепр бўйи ҳудудларидаги тошқин ҳақида огоҳлантиришни бошлади.

каховка гэси, украина

Эслатиб ўтамиз, 6 июнь куни эрта тонгда ижтимоий тармоқларда ГЭС юқори тўғонининг вайрон бўлган қисмидан сув оқаётгани акс этган видео тарқалди. Кейинроқ Украина Қуролли кучларининг «Жанубий» оператив қўмондонлиги Россия қўшинлари гидроэлектростанцияни «портлатиб юборганини» маълум қилди.

Украинада бу ҳодиса экоцид (атмосфера ёки денгизларни ёппасига ифлослантириш) деб аталди. Украина президенти Владимир Зеленский Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгашининг шошилинч йиғилишини чақирди.

Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак Каховка ГЭСининг «бузилиши» «глобал озиқ-овқат хавфсизлигига зарба» эканини таъкидлади. «Чунки бу офат Украина жанубидаги суғориш тизимига таъсир қилади», — дея қўшимча қилди у.