Тошкентдаги Миллий («Бунёдкор») стадионда 20 июнь куни Марказий Осиё футбол ассоциацияси (МОФА, инглизчасига CAFA) Миллатлари кубоги (CAFA Nations Cup)нинг финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий терма жамоаси 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради — тарихда илк бор ўтказилган мусобақа ғолибига айланган Эрон терма жамоасига олтин медалларни ДХХ раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва МОФА раҳбари Рустам Эмомали топширди.

Мусобақа финалидаги мағлубият миллий терма жамоа мухлислари хафсаласини пир қилган бўлса, мусобақа бошланганидан бери унга боғлиқ бошқа бир мавзу — ўйинлар вақтидаги букмекерлик контораси рекламаси муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.

CAFA нима, CAFA Nations Cup қандай мусобақа?

Марказий Осиё футбол ассоциацияси 2015 йили ташкил этилган бўлиб, у минтақанинг Осиё футбол конфедерацияси (ОФК)га аъзо олти мамлакати — Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни бирлаштиради. Ташкилотга бошида Ўзбекистон футбол федерациясининг марҳум президенти Мираброр Усмонов, ундан сўнг ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов раҳбарлик қилган. Ҳозирда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ўғли, Тожикистон Сенати раиси, Душанбе ҳокими, Тожикистон футбол федерацияси президенти ҳисобланган Рустам Имомали CAFA’ни бошқармоқда.

Отабек Умаров (чапда), Рустам Имомали (марказда) ва Абдусалом Азизов (ўнгда). Фото: ЎФАОтабек Умаров (чапда), Рустам Имомали (марказда) ва Абдусалом Азизов (ўнгда). Фото: ЎФА

Ташкилот унга аъзо мамлакатларнинг турли ёш тоифаларидаги терма жамоалари ўртасида мунтазам мусобақалар ўтказиб келади. Аммо шу вақтгача миллий (катталар) терма жамоалар даражасида минтақавий турнир ўтказилмаган эди (2018 йилги дастлабки уриниш муваффақиятсиз якунланган). 2023 йил мартида мусобақа Тошкент ва Бишкек мезбонлигида ўтказилиши, унда ташкилотга аъзо олти мамлакатдан ташқари яна икки меҳмон жамоа ҳам қатнашиши айтилди. Маълум вақтгача ушбу меҳмонлар Россия (мусобақада Россия термасининг қатнашиши мумкинлиги бир қатор фаолларнинг норозилигига сабаб бўлганди), Қозоғистон, Таиланд бўлиши мумкинлиги айтилди, аммо якунда фақат Ўмон қатнашди.

10−20 июнь кунлари бўлиб ўтган мусобақа давомида Ўзбекистон миллий терма жамоаси дастлаб «А» гуруҳида Уммон (3:0), Туркманистон (2:0) ва Тожикистон (5:1) терма жамоаларини мағлуб этди. Эронга қарши финалда (эронликлар Қирғизистон ва Афғонистон билан бирга «Б» гуруҳидан жой олиб, Бишкекда ўтган барча учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозонди) ўзбекистонликлар 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Шу тариқа миллий терма жамоалар даражасида ўтказилган CAFA Nations Cup’нинг илк ғолиби Эрон бўлди. Мусобақа келгуси йилларда ҳам ўтказиладими-йўқми, ҳозирча номаълум.

Тақиқланган, лекин тўхтатилмаган реклама

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникасия тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси тақиқланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, Ўзбекистонда қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан букмекерлик ва тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган.

Жиноят кодексининг 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатганлик, дастурий таъминотни нашр қилганлик, кўпайтирганлик, тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган.

CAFA Nations Cup’даги Ўзбекистон — Тожикистон (5:1) учрашувидан лавҳа. Фото: ЎФАCAFA Nations Cup’даги Ўзбекистон — Тожикистон (5:1) учрашувидан лавҳа. Фото: ЎФА

Шунга қарамай, CAFA Nations Cup мусобақасининг Тошкентдаги учрашувларида Миллий стадиондаги реклама экранларида, ташвиқот материалларида, чипталарда 1XBET букмекерлик компаниясининг логотипи мунтазам намойиш этилди. Ўйинлар жонли эфирда намойишда этилгани учун букмекерлик компанияси рекламаси фақат стадионнинг ўзи билан чекланиб қолгани йўқ.

Мусобақада букмекерлик компанияси логотипи CAFA ва компания ўртасида имзоланган ҳомийлик шартномаси доирасида намойиш этилди. Июнь ойида бошида CAFA компания билан келишувга эришилганини маълум қиларкан, ташкилот бош котиби тожикистонлик Улуғбек Каримов «ушбу ҳамкорликни қадрлаши ва у самарали бўлишига ишончи комил»лигини таъкидлаганди.

Қайд этиш жоиз, Тожикистон ва Қирғизистонда букмекерлик ташкилотлари фаолиятига рухсат берилган. Шу боис, CAFA Nations Cup’нинг Бишкекдаги ўйинлари трансляцияси вақтида қирғизистонлик шарҳловчилар мусобақа ҳомийсини бир неча бор алоҳида тилга олиб, тарғиб ҳам қилди. Аммо Ўзбекистонда букмекерлик ташкилотлари ва тотализаторлар тақиқлангани боис Тошкентдаги ўйинлар вақтида намойиш этилган бундай реклама ўзбек жамоатчилигининг эътирозига сабаб бўлди.

Расмийлар жим

Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинларда букмекерлик конторасининг рекламаси намойиш этилгач, ушбу ҳолатдан норози бўлганлар дастлаб ЎФАни вазият юзасидан изоҳ беришни талаб қилди. Ташкилот эса бу рекламага алоқаси йўқлигини маълум қилди.

«Бу халқаро мусобақа, Ўзбекистон эса унинг иштирокчиси. Реклама берувчилар турнир ташкилотчилари билан келишув имзолайди. Медиа ва маркетингга оид барча ҳуқуқлар CAFA’га тегишли. Шу боис саволлар CAFA’га қаратилиши лозим», — дея маълум қилди ЎФА «Дарё»нинг сўровига жавобан. Ўзбекистонликларнинг эътирозига жавобан CAFA алоҳида муносабат ё изоҳ бермади.

«Газета.uz» ҳолат юзасидан Бош прокуратура, Адлия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига мурожаат қилди. Бош прокуратура ва Адлия вазирилиги бу масалада ваколатли орган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси эканини ва улар муносабат билдириши кераклигини қайд этди. Қўмита 16 июндаёқ воқеа юзасидан алоҳида муносабат берилишини билдирди, аммо шу кунгача ҳеч қандай изоҳ берилмади.

Савол очиқ қолаётгани, ваколатли органлар муносабат билдирмаётгани сабаб, фойдаланувчилар ижтиомий тармоқларда фаол бўлган сиёсий арбоблар, амалдорларга мурожаат қила бошлади. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров бу ҳолат бўйича ўз фикрини билдираркан, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 46-моддаси тотализаторларни тақиқлагани билан, қонуннинг 3-моддасида «халқаро шартномаларда қонунда назарда тутилганидан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, халқаро қоидалар қўлланилиши» кўрсатилганига эътиборни қаратди.

Эътиборга молик томони, ўзбекистонлик спортчилар иштирокидаги тадбирларда букмекерлик компанияларининг рекламаси биринчи марта намойиш этилаётгани йўқ ва аввалги бир неча ҳолатлар бўйича Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси расмий муносабат билдирган эди. Хусусан, 2022 йил июнида «Зўр-ТВ» телеканалида MMA бўйича мусобақадан ташкил этилган жонли эфир вақтида букмекерлик конторасининг рекламаси кўринганида қонунбузилиши ҳолатини бартараф этиш тўғрисида телеканалга, 2023 йил мартида аралаш жанг санъати устаси Маҳмуд Муродов ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида букмекерлик ташкилотини реклама қилганида спортчига нисбатан чора кўришни сўраб Ўзбекистон аралаш жанг санъати федерациясига мурожаат қилингани маълум қилинган эди.

Шунингдек, 2022 йил ноябрида Тошкентда футбол бўйича Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари ўртасидаги ўйинда букмекерлик компанияси рекламаси қилинганида қўмита «ҳолат ўрнатилган тартибда ўрганилаётгани ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш бўйича тегишли ишлар амалга оширилаётгани»ни билдирган, аммо кейинчалик бу ўрганиш ва ҳаракатлар натижаси маълум қилинмаган эди.

Қайд этиш жоиз, хорижий мусобақалар вақтида ҳам ё мусобақа атрофидаги реклама маълумотларида, ё спортчиларнинг либосларида, ё мусобақа рамзларида букмекерлик контораларининг логотипларини кўриш мумкин.

Ўзбекистон ва букмекерлик

2007 йилнинг августида Ўзбекистонда букмекерлик ташкилотлари ва тотализаторлар фаолияти расман тақиқланган (айрим кузатувчилар бунга ўша йили Тошкент шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши сабаб бўлган, деб ҳисоблайди — бунгача Ўзбекистонда букмекерлик конторалари эркин фаолияти юритган). 2016 йилдан кейинги даврда букмекерлик Ўзбекистонда қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунийлаштириш масаласи бир неча бор кўтарилди.

Жумладан, 2019 йил декабрида президент Шавкат Мирзиёев 2021 йилдан Ўзбекистонда «спортни, айниқса, футболни ривожлантириш, шунингдек, унинг сармоявий жозибадорлигини ошириш» мақсадида букмекерлик шохобчаларини очишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Масала 2021 йили Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фракцияларида ҳам муҳокама қилинган эди. Бироқ 2022 йил апрелида давлат раҳбари букмекерлик конторалари фаолиятини қонунийлаштиришга доир 2019 йилги фармон талабларини бекор қилиш тўғрисидаги янги ҳужжатга имзо чекди.

Аммо орадан бир йил ўтиб, 2023 йил апрелида президент Шавкат Мирзиёев футболни ривожлантиришга доир янги қарори билан «2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш» бўйича топшириқ берди, шу билан букмекерлик ташкилотлари фаолияти қонунийлаштирилиши масаласи яна кун тартибига қайтди.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, онлайн лотереялар ва букмекерлик контораларининг «қора бозори» орқали ҳар йили 50 млн долларга яқин маблағ Ўзбекистондан четга чиқиб кетади. Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Азиз Абдуҳакимов «букмекерлик контораларини қонунийлаштириб, бундан тушган фойданинг маълум фоизини маҳаллий спортни ривожлантириш учун сарфлаш лозим»лигини таъкидлаганди. 2019 йили ушбу ғояни президентнинг ўша вақтдаги маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ҳам қўллаб-қувватлаганди.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги бозордаги букмекерлик компанияси рекламаси олиб ташлангани ҳақидаги ахборотиданРақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги бозордаги букмекерлик компанияси рекламаси олиб ташлангани ҳақидаги ахборотидан

Айни вақтда, букмекерлик ва тотализаторларнинг қонунийлаштирилиши, бундай фаолиятга рухсат берилишининг салбий оқибатларидан огоҳлантираётганлар ҳам етарлича кўп. Кўп миқдордаги пулини онлайн қимор ва тотализаторларга тикиб ютқазган ва оқибатда оғир аҳволга тушиб қолган, ҳатто ўз жонига қасд қилиш даражасига етиб борган кишилар ҳақида хабарлар бор. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси букмекерлик ва тотализаторлар фаолиятини тарғиб қилиш ҳолатларига қарши олиб борилаётган кураш, шундай фаолиятни юритувчи сайтларга киришни чеклаш ишлари ҳақида мунтазам ахборот бериб келади.