17 ноябрь куни соат 16:00 лар чамасида Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Бўстон МФЙда яшаган Б. Р (Фарғона Давлат университети ўқитувчиси) мазкур ҳудудда жойлашган қабристон айвонига ўзини осиб, ўз жонига қасд қилган ва воқеа жойида вафот этган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари давомида Б.Раҳмонов «1xbet» букмекерлик компанияси орқали таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлари ўйнаб келгани, 16 ноябрь куни Фарғона вилояти, Фарғона шаҳрида яшовчи «Хуршидбек» исмли шахсдан 18 ноябрь куни қайтариб беришни ваъда қилиб 57 млн сўм қарз олгани ва бу пулларни «1xbet» ўйинларида ютқазиб қўйгани аниқланган.

Бироқ 18 ноябрь куни оила аъзоларига уни қабристондан топишлари тўғрисида смс-хабарнома юборган ва шу куни соат 17:30 лар атрофида оила аъзолари томонидан ўзи истиқомат қилиб келган МФЙ қабристонидан айвонга ўзини осган ҳолатда топилган.

Қайд этилишича, Б. Р.нинг жасадини суд-тиббий экспертиза мутахасиси иштирокида кўздан кечириш давомида тан жароҳатлари аниқланмаган. Ҳозирда унинг ўлими сабабларини аниқлаш юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uzнинг ФарДУдаги манбага таяниб хабар қилишича, Б.Р. аввалроқ сўхлик фуқародан контракт-шартнома асосида ўқишга киритиб қўйиб шарти билан пул олаётган вақтда қўлга тушган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойида Самарқандда 18 ёшли бола тотализаторда катта миқдорда пул ютқазиб, қарз бўлиб қолгани учун ўз жонига қасд қилиб вафот этгани хабар қилинган эди.