БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги фаолиятининг 30 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, пойтахтдаги Ёшлар ижод саройида ўтказилган юбилей тадбирида халқаро ташкилотларнинг мамлакатдаги вакиллари, Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбариятлари, жамоатчилик фаоллари ва журналистлар иштирок этди.

Фото: БМТТД

Ўзбекистонга илк расмий ташриф билан келган БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари учун минтақавий бюроси директори Ивана Живкович тадбирнинг очилиш нутқини сўзлади.

Унинг айтишича, БМТТД 1993 йилда Ўзбекистонда ташкил этилганидан буён мамлакат ҳукумати ва халқи билан яқин ҳамкорлик қилиб, барча учун адолат ва фаровонликни қамраб олувчи барқарор ривожланиш ҳақидаги умумий тасаввурни амалга оширишга ҳаракат қилмоқда.

бмттд, матильда димовска

Ивана Живкович. Фото: БМТТД

«Охирги ўттиз йил давомида Ўзбекистон барқарор ва диверсификацияланган иқтисодиётни барпо этиш, таълим сифатини яхшилаш, қашшоқликни камайтириш, гендер тенглигини ошириш ва демократик бошқарувни мустаҳкамлаш борасида улкан ютуқларга эришди. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва халқи билан биргаликда мамлакатнинг табиий бойликларини, жумладан, сув, ер ва ўрмонларни муҳофаза қилиш борасида амалга оширган ишларимиздан фахрланамиз. Ушбу ажойиб ютуқларни нишонлашда сизга қўшиламиз», — деди Ивана Живкович.

бмттд, матильда димовска

Фото: БМТТД

У бугунги куннинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун жамоавий ҳаракатлар зарурлигини англаш кераклигини қайд этди.

«COVID-19 биз ҳаммамиз глобал зарбаларга қарши ҳимоясиз эканимизни ва фақат жамоавий ҳаракатлар орқали яхшироқ, яшил ва инклюзив жамиятларни барпо этишимиз мумкинлигини аниқ кўрсатди. Шунинг учун БМТТД Ўзбекистоннинг барқарор келажак қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга содиқ қолади. Ҳамкорларимиз билан биргаликда иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик, бошқарув ва инклюзив инсон тараққиётига алоҳида эътибор қаратган ҳолда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ишлашда давом этамиз», — деди у.

Фото: БМТТД

Бюро директорининг айтишича, глобал мақсадларга таянган ҳолда БМТТД ва БМТ оиласи Ўзбекистон билан биргаликда барча учун янада яшил, инклюзив ва барқарор келажакни яратиш йўлида ҳамкорлик қилишни интиқлик билан кутмоқда. «Бу — 30 йиллик юбилейда жуда ҳам муносиб мажбурият. Биз Ўзбекистон билан ҳамкорлигимизни давом эттириб, барқарорлик, тенглик ва инсон фаровонлигини оширишга интиламиз», — деди у.

Тадбирда БМТТДнинг ҳукумат билан самарали ҳамкорлиги акс этган 90 сонияли видео намойиш этилди. Шундан сўнг «Шамси-Қамар» театр жамоасининг табиат ҳақидаги қисқа саҳна кўриниши қатнашчиларга ҳавола қилинди.

Фото: БМТТД

Юбилей кечасида БМТТДнинг Ўзбекистондаги бенефициарлари ҳам сўзга чиқиб, ўз лойиҳалари ва ташкилот ҳақида гапирди.

Фото: БМТТД

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска тадбирнинг ёпилиш нутқини сўзлади. У одамлар ва сайёралар ўртасидаги мувозанат нуқтаи назарига мос келадиган адолатли ва барқарор келажакни яратишда БМТТДга ишонч бергани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.

Матильда Димовска. Фото: БМТТД

«Биргаликда ишлаш орқали одамларнинг яхшироқ ҳаёт қуриши учун танловларини кенгайтиришни мақсад қилганмиз. Бу муваффақиятимизнинг якуний ўлчовидир. БМТТДнинг фаолияти аҳолига қаратилган. Шу сабабли Ўзбекистон халқига бағишланган 30 йиллик биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни акс эттирувчи ушбу фотокўргазмани ташкил қилдик. Ҳамкорлигимиз бардавом бўлсин», — деди Матильда Димовска.