Қирғизистонда МДҲ давлатларида қидирувга берилган шахсларни таниб олиш тизими ишга туширилди. Бу ҳақда 24.kg мамлакат Ички ишлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда. Тизим 2 июндан ишлай бошлаган, бироқ ИИВ бу ҳақда эндигина маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, дастлабки 10 кун ичида кузатув камералари давлатлараро қидирувда бўлган 57 нафар шахсни аниқлаган. Улар асосан Қирғизистон фуқаролари. Улар маълумотлар базалари бўйича текширилиб, рўйхатга олинган.

Текширувдан ўтганларнинг тўрт нафари ҳибсга олинган. Улар орасида Ўзбекистон ва Россия фуқаролари ҳам бор. «Улар одам ўлдиришга суиқасд, экстремистик жиноятлар (Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига ўтказилган), безорилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятлари учун қидирувга берилган», — дейилади хабарда.

ИИВ маълумотларига кўра, қидирувда бўлган 85 мингдан ортиқ одам ҳақида фақат Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумот берган.

Аввалроқ Қирғизистон матбуоти мамлакатда уч нафар россиялик сиёсий фаол: Алексей Рожков, Лев Скорякин ва Алена Крилованинг қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳарбий комиссарликка ўт қўйишда айбланган Рожков 6 июнь куни Россияга депортация қилинган.