24 май куни пойтахтда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форумида «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси ва Сингапурнинг STIE компанияси ўртасида Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича битим имзоланди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири. Форум Сингапур президенти Ҳалима Яқубнинг давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Келишув Тошкент метросининг транспорт инфратузилмасини лойиҳалаш, янги линия ва станцияларни қуриш, ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича маслаҳатлашувларни ўтказишни назарда тутади. Ҳужжатни бажариш муддати — 2023−2026 йиллар этиб кўрсатилган.

STIE веб-сайтига кўра, компания «Сингапурда ва унинг ташқарисида муҳандислик, қурилиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича етакчи етказиб берувчи» ҳисобланади. 20 йилдан бери мавжуд бўлган компания, шунингдек, объектларни бошқаришнинг интеграциялашган хизматлари ва булутли ечимларни таклиф қилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сингапур Савдо ва саноат вазирлигининг Enterprise Singapore агентлиги қошидаги Сингапур ҳамкорлик корхонаси (SCE) тадбиркорлик, бош режалаштириш ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Wilmar International компанияси Ўзбекистонда ваколатхона ва дистрибюторлик хаб яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Wilmar бир неча мамлакатларда ишлаб чиқариш қувватлари ва кенг тарқатиш тармоғига эга бўлган агросаноат гуруҳидир. Компания пальма ёғи, озиқ-овқат мойлари ишлаб чиқариш бўйича бир нечта заводларга эгалик қилади, буғдой, гуруч, шунингдек, қамиш ва лавлаги шакарининг энг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади, ўғитлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва PSB Academy халқаро коллежлар тармоғи Ўзбекистонда замонавий Сингапур таълим муассасасини яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Enercon Asia компанияси Фарғона вилоятидаги ишлаб чиқариш объектларида автоном электр станцияларини яратиш ва тижорат мақсадларида фойдаланиш учун қуёш панелларини ўрнатиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида ҳамкорлик қилади. Томонлар ҳамкорликни жорий йилнинг март ойида муҳокама қилган, Шавкат Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи чоғида Enercon Asia компанияси билан умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган 100 МВт қувватга эга фотоелектр станциясини қуриш бўйича келишув имзоланганди.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 723,7 минг квадрат метр майдонга қуёш панелларини ўрнатиш режалаштирилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳридаги 28 та йирик корхонанинг 723,7 минг м квадрат томларига қуёш панеллари ўрнатилади. Унумдорлиги — йилига 175 млн.кВт/соат, мазкур 28 та корхонанинг электр энергиясига йиллик талаби 211 млн ни ташкил этади.

Фарғона вилоятида ҳам Сингапурдаги етакчи темир-бетон ва йиғма конструкция ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Robin Village компанияси билан йиғма-бетон конструкцияларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этиш режалаштирилган.

Сингапурнинг Changi Airports International компанияси янги Тошкент аэропорти қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда ёрдамлашиши, шунингдек, мавжуд аэропорт фаолиятини оптималлаштириш бўйича маслаҳатлар бериши ҳақида хабар бергандик.