Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни энергия таъминоти масалаларига бағишланган йиғилишда Ўзбекистонда кўмир қазиб олишни кўпайтириш бўйича вазифалар қўйди.

Тадбирда таъкидланишича, 2023 йилда кўмирга бўлган талаб 1,5 бараварга ошади, шу боис Кончилик ва геология вазири Бобир Исломовга жорий йилда кўмир қазиб олишни 5,3 миллион тоннадан 6,5 миллион тоннагача оширишни таъминлаш топширилди (+22,6 фоиз).

Биринчи чоракда мамлакатда кўмир қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга — 1,1 миллион тоннадан 989,1 минг тоннагача қисқарганди.

Талабнинг ўсиши Ўзбекистондаги айрим иссиқхоналар, цемент ва ғишт заводлари, болалар боғчалари, мактаблар ҳамда шифохоналарнинг иссиқлик таъминотини кўмир ёқилғисига ўтказиш қарори билан боғлиқ бўлиши мумкин. 2023 йилда газни тежаш мақсадида 5407 та ижтимоий объект, 1147 та иссиқхона ва 250 та завод кўмирга ўтказилиши кутилмоқда.

Бунинг учун «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятига қарашли Ангрен кўмир конига 80 миллион доллар кредит ажратилади.

Бундан ташқари, «Шарғункўмир» корхонасининг Шарғун кўмир конининг биринчи навбати ишга туширилиши кутилмоқда. Йилига 440 минг тонна кўмир қазиб олиш учун 14 нафар тадбиркорни кўмир конларига жалб этиш режалаштирилган.

«Вилоятлар ҳокимларига 3,7 миллион тонна кўмирга бўлган эҳтиёжни қоплаш бўйича топшириқ берганман. Ҳокимлар ойма ой режасини ишлаб чиқди. Вилоят ҳокимлари [Бобур] Исломов ва [Энергетика вазири Жўрабек] Мирзамахмудов билан биргаликда 1 октябрга қадар 1,5 миллион тонна, 1 ноябрга қадар эса жами 2 миллион тонна кўмир захирасини яратиши керак. Декабрда эмас, ноябргача ҳаммасини захирасини олиб келиш қўйиш керак», — деди давлат раҳбари.

2022 йил ёзида Ўзбекистондаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири Янги Ангрен ИЭС, Ангрен ИЭС, шунингдек, кўмир ва каолин қазиб олувчи «Ўзбеккўмир» корхонаси Central Asia Energy МЧЖ бошқарувига ўтказилди.

Central Asia Energy 2019 йил июнь ойида Тошкентда рўйхатга олинган. Унинг раҳбари аввал Халқ банки раиси лавозимида ишлаб келган Нодир Қахарович Назаров. Central Asia Energy компаниясининг 100 фоиз таъсисчиси Қозоғистоннинг «Тоғ-кон заводлари» МЧЖ — тупроқ ишлари билан шуғулланадиган кичик корхона (штат сони 5 кишигача).

2023 йил бошида Ангрен иссиқлик электр станциясини ишончли бошқариш тўғрисидаги шартнома муддати тугаган ва Вазирлар Маҳкамаси шартномани узайтирмаган эди.

Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Ҳабилжоновнинг маълум қилишича, шартноманинг бекор қилинишига куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун маблағ ўз вақтида ажратилмагани сабаб бўлган.

«Қозоғистонликларга тегишли компания иссиқлик электр станцияларини қарамай қўйди. Икки марта носозлик кузатилган. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун 30 миллиард сўм ажратиш кечиктирилди. Ҳоким билан бирга ёздан буён бу борада шикоят қилиб келяпмиз. Бу ҳақда бош вазирга маълум қилинди ва 2 январь куни ҳар иккала ИЭС ҳам ташқи назоратдан чиқарилиб, Энергетика вазирлигига ўтказилди. Бундан ташқари, янги раҳбар тайинланди. [Иссиқлик электр станцияси] тўлиқ бизга топширилгандан сўнг пул ажратилди, ҳозирда носозликларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ ишламоқда, — деганди ўшанда Улуғбек Ҳабилжонов.

Кейинроқ Янги-Ангрен ИЭС хориж компанияси бошқарувида қолгани маълум бўлди.

Ангрен ИЭС 2022 йилнинг 9 ойида 111,8 миллиард сўм зарар кўрган. Станция ишончли бошқарувга ўтказилгандан буён кўрилган зарарларнинг умумий миқдори 577 миллиард сўмга етди. Соф активлар қиймати 117 миллиард сўмга камайди. Шу билан бирга, 2017, 2018 ва 2019 йилларда ИEС даромадли бўлган.

Янги Ангрен ИЭС 2022 йилнинг 9 ойини 169 миллиард сўм зарар билан якунлади. Станция ишончли бошқарувга ўтказилгандан буён тўпланган зарар 875 миллиард сўмдан ошди. Соф активлар қиймати минус 440 млрд.

«Уч йил давомида тўлиқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 йил ичида 1,5 трлн сўмлик зарар жамланган. Яна, шундай катастрофа оқибатларга қарамай, давлат бу шоввозларга ишончли бошқарув учун комиссия ҳақи ҳам тўлаган. Тўланган комиссиялар тўғрисидаги ахборот бирон марта очиқланмаган», — дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.

«Ўзбеккўмир» 2019 йилни 5,4 миллиард сўм соф фойда билан якунлаган бўлса, 2020 йилда ишончли бошқарувга ўтказилгандан сўнг зарар 79,7 миллиард сўмни, 2021 йилда 183,8 миллиард сўмни ташкил қилди. 2022 йилда компания 20,5 миллиард сўм фойда кўрган бўлса, 2023 йилнинг биринчи чорагида яна 20,37 миллиард сўм зарар кўрган.

Биринчи чоракда «Ўзбеккўмир» томонидан олинган банк кредитлари миқдори 1,1 триллион сўмни ташкил этди.

Кўмир импорти

Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСлари Ўзбекистондаги энг йирик кўмир импортёрлари саналади, аммо кўмир қаердан ва қандай нархда олиб келиниши ҳақида жамоатчиликка эълон қилинган маълумот йўқ.

«Газета.uz» 2022 йилнинг 11 ойи давомида мамлакатга 105,8 миллион долларга 2,39 миллион тонна кўмир етказиб берилгани ҳақида хабар берди. Ўртача импорт нархи 44,1 долларни ташкил этган (2021 йилга нисбатан +15,3 фоиз).

Қозоғистондан кўмир импорти 51,1 миллион доллар эвазига 1 миллион 296 минг тоннага (тоннаси 39,4 доллардан) етди. Қирғизистондан импорт 32,3 миллион доллар эвазига 1,03 миллион тоннага (тоннаси 31,2 доллардан), Россиядан импорт эса 21,78 миллион доллар эвазига 62,53 минг тоннагача (тоннаси 347,8 доллардан) ошди. Россия кўмири Ўзбекистонга қозоқ кўмиридан 8,8 баробар, Қирғизистонникидан 11,1 баробар қимматроққа тушган.