«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати P2P ўтказмалари тўғрисидаги масалани қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ эканини билдириб, пост эълон қилди.

«Мазкур қарор кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганлигини таъкидлаган ҳолда, 1 майдан эътиборан олий юридик кучга эга бўлган ва тўғридан-тўғри амал қилаётган янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларга зид эканлигини таъкидлаш лозим», — дейилади ҳаракат хабарида.

Қайд этилишича, ушбу амалиёт акс самара бериб қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқаради:

  • фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини поймол этган ҳолда мамлакатда қонун устуворлиги тамойилига жиддий путур етказади;
  • нақд шаклдаги тўловларга талабни оширади, банк тизимидан маблағлар норасмий бозорга кўчади ва амалда хуфиёна иқтисодиёт кўлами ортади;
  • нақд ва нақдсиз тўловлар ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келади.

«Шу муносабат билан, иқтисодиётни соядан чиқаришда мавжуд имкониятларни самарали ишга солиш, солиқ тўловчилар учун тенг ва адолатли солиқ сиёсатини юритиш, бозор иқтисодиёти тамойилларига амал қилиш каби жиҳатларга устуворлик бериш муҳим саналади. Юқоридагиларга кўра, банк карталаридаги P2P ўтказмалари тўғрисида ахборотни солиқ органларига тақдим этиш бўйича Марказий банк позициясини қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу масала қайта кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз», — дейди «Юксалиш» ҳаракати.

Маълумот учун, Конституцияда банк операцияларининг сир тутилиши кафолатланган (41-модда) ҳамда инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари дахлсизлиги, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ҳеч ким ҳақли эмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган (20-модда).

4 май куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Марказий банк жисмоний шахслар ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича электрон ҳисобварақаларни расмийлаштириш, яъни бу маълумотларни солиқ органларига ўтказиш тартибига салбий муносабатда эканини маълум қилганди.

«Биз бу ҳақида матбуот орқали хабар бермаганимиз ўз фикримизни билдирмаганимизни англатмайди. Фармон чиққанидан кейин ўз салбий муносабатимизни Солиқ қўмитаси, Иқтисодиёт ва Молия вазирлигига етказганмиз. Бизнинг қарашларимиз оммавий ахборот воситаларидаги муҳокамалардан кўра қатъийроқ, деб ўйлаймиз», — деди у.

2023 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистондаги тўлов ташкилотлари жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмаларини амалга оширишда (p2p ўтказмалари) хизмат кўрсатиш учун электрон ҳисобварақаларни (ЭҲВ) расмийлаштириши ва тақдим этиши керак эди. Кейинчалик Марказий банк раиси бу 1 май кунидан амал қилмаслигини маълум қилди.

Бу амалиёт Ўзбекистон президентининг 10 февралдаги қарорида кўзда тутилган. Ўзгариш аҳоли орасида p2p ўтказма хизматлари нархларининг ошиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотди. Бугунги кунда бир электрон ҳисобварақаси учун хизмат нархи 270 сўмдан 450 сўмгача. Солиқ қўмитаси таннархни 1 сўмга туширишни режалаштираётганини маълум қилган.

Кейинроқ, Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилаётган президент қарори лойиҳасида бу банд йўқлиги маълум бўлди. Катта эҳтимол билан бу банд ҳужжатни текшириш ва баҳолашдан кейин пайдо бўлган.