2023 йилда давлат органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатишнинг замонавий шакллари жорий этила бошланади. Бу 2023 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган [ПФ-27-сон] давлат дастурида қайд этилган.

Дастурнинг 22-бандида ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун август ойига қадар резидентнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланган.

Унга кўра, маҳалла раиси томонидан аҳоли эътирозларига энг кўп сабаб бўлаётган муаммоларни аниқлаш мақсадида мунтазам равишда муҳокамалар ўтказади.

Ҳар ойда маҳалла кенгашида тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг амалга оширилган ишлар бўйича ахборотлари эшитилади. Қолаверса, «Маҳалла назорати» ва «маҳалла раиси сўрови» институтлари жорий қилинади.

Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар бериш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, эшитуви, мониторинги, экспертизасини ўтказиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш тартибларини жорий этиш назарда тутилади.

Мазкур банд ижроси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Адлия вазирлигига топширилган. Назоратчи эса Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Аввалроқ мазкур дастур асосида маҳаллаларга туман ва шаҳар маҳаллий кенгашларида кўриб чиқиш учун таклиф киритиш, кун тартибини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда қатнашиш ҳуқуқи берилиши ҳақида ёзгандик. Қолаверса, 2327 та маҳалла учун эса янги бино қуриб берилиши режа қилинган. Сентябрда эса «Маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрни» халқаро форуми ўтказилади.