Маҳаллаларга тегишли ҳудуддаги туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашлари сессиялари кун тартибига кўриб чиқиш учун таклиф киритиш ҳуқуқи берилади. Бу 2023 йилга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган [ПФ-27-сон] давлат дастурида қайд этилган.

Қолаверса, маҳаллалар туман (шаҳар) маҳаллий Кенгашларининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда иштирок этишлари мумкин бўлади.

Ҳар бир маҳалланинг «ўсиш нуқталари» ва уларда яшовчи аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, маҳалланинг молиявий мустақиллигини кучайтириш мақсадида маҳаллалар қошида тадбиркорлик субъектлари ташкил этилади.

Шу мақсадда маҳаллаларда «Тадбиркорлар кенгашлари» ташкил этилади, уларнинг мақом ва вазифалари белгилаб берилади.

Мазкур чора тадбирлар юзасидан вазирликларга май ойи якунига қадар таклиф ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Буни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева назорат қилиб туради.

Бундан ташқари, дастурнинг 3-бандига кўра, маҳаллаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича 2023 — 2025 йилларга мўлжалланган манзилли дастур ишлаб чиқилади.

У хизмат биносида муаммоси бўлган 2 327 та маҳаллалар учун хизмат биноларини қуриш, жиҳозлаш, замонавий ахборот технологиялари билан таъминлашни назарда тутади. Биноларни қуришда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспекторлари учун алоҳида хоналар бўлади.

Ушбу вазифа юзасидан тегишли ҳужжат лойиҳаси апрелда ишлаб чиқилиши керак. Бош ижрочи — Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, унинг назоратчиси эса бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳисобланади.

Шунингдек, давлат дастурининг 4-бандида «Маҳалла институтининг Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини қарор топишидаги ўрни ва роли: кеча, бугун ва эртага» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш кўзда тутилган.

Шунингдек, сентябрь ойида «Маҳалла институтининг жамият ҳаётида тутган ўрни» халқаро форуми ўтказилади.

Мазкур мақсадлар учун эса Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағлар ажратилади. Бироқ дастурга қанча маблағ ажратилиши аниқ кўрсатилмаган.