7 апрель куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2023 йилнинг 1-мавсуми якунланди.

Овоз бериш босқичи якунларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 1 666 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Бу ўтган мавсумдаги тасдиқланган лойиҳалардан кўп. (2022 йил 2-мавсумда 1418 та лойиҳа ғолиб бўлганди). Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 1,6 трлн сўмга яқин маблағ ажратилган. Аввалроқ, ушбу мавсумга 1,7 трлн сўмдан ортиқ пул йўналтирилиши айтилганди.

Қайд этилишича, «OpenBudjet» портали орқали 33 680 та ташаббус учун 16 миллиондан ортиқ овоз берилган.

Жойларда берган таклифлари ғолиб деб топилган фуқаролар байрам қилишни бошлади. Улар кўчаларда тўпланиб, карнай-сурнай ҳамда баланд мусиқаларнинг садосига рақсга тушишмоқда. Бундан ташқари улар орасида машиналарга ўтириб, давлат байроғи билан кўчаларни айланаётганлар ҳам бор.

Лойиҳага киритилган таклифларга овоз йиғиш жараёни ҳам ҳар мавсумдаги каби анча қизиқарли кечди. 18 мартдан 7 апрелгача фуқаролар яшаш ҳудудидаги турли ижтимоий муаммоларга барҳам бериш бўйича лойиҳаларни таклиф этиб, маҳаллий бюджетнинг мақсадли тақсимланишида иштирок этди. Фуқаролар ўз лойиҳаларига кўпроқ овоз тўплаш учун эса турли усуллардан фойдаланди, жумладан, ҳисобни тўлдириш, бепул ичимлик улашди ва ҳатто ўсимлик ёғини бериш ҳам кузатилди. Даставвал «Бир овоз-5000 сўм» каби эълонлар тарқалганди. Муддат якунигача 1 овознинг қиймати 20 минг сўмгача етди.

«Газета.uz» пойтахтнинг бир қанча нуқталарида бўлиб, мазкур жараён иштирокчиларига микрофон тутганди. Ўшанда фуқаролар овоз эвазига берилаётган мукофотлар учун пулни маҳаллий фуқароларнинг ўзлари эълон бериб йиғгани, ҳатто жойларга эҳсон қутилари ўрнатишгани ҳақида гапириб берганди.

Ушбу жараён ҳудудлар ўртасида баҳсга айланиб кетди. Шунингдек, тармоқларда Оққўрғон туманида мактаб ўқувчиларнинг овоз кўпайтириш мақсадида зарур бўлган сим-карталарни сотиб олиш учун мактабга пул олиб бораётгани акс этган видео ҳам тарқалганди. Бунинг ортидан мактаб директори ишдан бўшатилди.