Тошкент вилояти ҳокимлиги Оққўрғон туманидаги «Байгули» маҳалласидаги 17-мактабда «Очиқ бюджет» порталида ташаббускор бюджетлаштириш лойиҳаси учун овоз тўплаш учун ўқувчилардан 10−20 минг сўмдан SIM-карта сотиб олиш талаб қилинган ҳолат тафсилотларини маълум қилди. .

Махсус ишчи гуруҳи ўрганиш натижаларига кўра, «Очиқ бюджет» бўйича ўқувчиларни овоз тўплашга жалб этиш вазифаси мактаб директори томонидан берилгани маълум бўлди.

Пуллар мактабнинг 45 нафар бошланғич синф ўқувчилари таҳсил олаётган филиалида йиғилган. Тарғибот ишларига ўқувчиларни жалб қилган синф раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилиб, мактаб директори Л. Усмонова эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, мактаб филиали яқинда таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган. Мактаб жамоаси ўз ташаббуси билан «Очиқ бюджет» лойиҳасида иштирок этиб, 300 млн сўмга қўшимча электрон доска ва компьютер техникаси сотиб олишга қарор қилган.

Тошкент вилояти ҳокими, айни пайтда вилоят халқ таълими кенгаши раиси Зойир Мирзаев мазкур мактабда бундай эҳтиёж бор-йўқлигини ўрганиб, маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди.

«Бу ҳолат қолган мактабларда такрорланмаслигига ишонамиз ҳамда мактабга ўқитувчи дарс бергани, фарзандларимиз эса таълим олиш учун боришини унутмаслигингизни сўраб қоламиз», — дейилади Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги баёнотида.

Вазир Ҳилола Умарова аввалроқ ўқитувчиларни агар ташаббус бюджети бўйича овоз беришга мажбур қилинса, 71−202−09−09 рақамига қўнғироқ қилишга чақирган эди.

«Очиқ бюджет» учун жорий овоз бериш 7 апрелга қадар давом этади. Биринчи мавсумда фуқароларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун 1,7 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.