17 сентябрь куни Молия вазирлиги «Ташаббусли буджет» лойиҳасининг 2022 йил 2-мавсуми якунланганлигини маълум қилди.

Овоз бериш босқичи якунларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 1418 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса 1 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилади.

«Ҳудудларда одамлар якуний натижалар расман эълон қилинмаган бўлса-да, йиғилган овозлар сонидаги фарққа қараб байрам қилишни бошлаб юборди. Лойиҳа халқни ўз шахсий манфаатлари учун эмас, балки жамоат манфаатлари учун бир мақсад йўлида бирлашишга ўргатган лойиҳа бўлиб тарихга киради ҳали», — деб ёзади блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ташаббусли бюджет» жараёни тугагунга қадар фуқаролар ўз лойиҳалари учун кўпроқ овоз тўплаш мақсадида турли усуллардан фойдаланаётгани ҳақида ёзган эдик. Жумладан, текинга салқин ичимликлар улашилмоқда, ижтимоий тармоқларда пул эвазига овоз йиғиб берувчилар оммалашган. «Газета.uz» улардан бир нечтасини жамлаганди. Шундан сўнг, Молия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, овозлар қайта текшириб чиқилишини маълум қилганди.

Шунингдек, лойиҳанинг биринчи мавсуми қуйидагича ўтганди:

  • 1 февраль — 22 февралда батафсил кўринишда ташаббус қолдирилди;
  • 23 февраль — 4 март оралиғида ташаббуслар модерация қилинди;
  • 5 март — 1 апрель даврида сараланган ташаббуслар бўйича фуқароларнинг овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтди.

1 апрель куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг илк мавсуми якунланди ҳамда ғолиблар эълон қилинди. Натижаларга кўра, ушбу мавсум давомида фуқаролар жўнатган жами 70 мингга яқин ташаббусдан 2215 таси ғолиб бўлди. Ушбу лойиҳаларга овоз бериш жараёнларида эса 6,7 млн дан кўпроқ аҳоли иштирок этди. Ғолиб деб топилган ташаббусларнинг 34 фоизи умумтаълим мактабларини таъмирлаш лойиҳалари бўлди.

Маълумот учун, ташаббусли бюджетлаштириш ёки партисипатор бюджетлаштириш — бу аҳолининг бюджет маблағларининг аниқ қисмларини сарфлаш мақсадида ташаббусларни илгари суриши орқали маҳаллий бошқарувда тўғридан-тўғри иштирок этиши. «Газета.uz» мазкур платформа ва ундан фойдаланиш тартиблари ҳақида қўлланма тайёрлаганди.