Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Open budget`га овоз йиғиш учун Оққўрғон тумани «Байгули» МФЙдаги 17-мактаб ўқувчиларидан пул йиғилаётгани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак киши кўчада кетаётган икки нафар 2-синф ўқувчи қизни тўхтатиб, саволга тутгани акс этган. Ўқувчилар сим карта сотиб олиш мақсадида 10 минг сўмдан пул олиб келиш учун хонадонларига жўнатилганини айтишган.

Ҳокимлик ушбу ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилаётганини, хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Султонбеков томонидан назоратга олинганини маълум қилди.

«Бугунги кунда кенг оммалашиб, халқ овозига айланиб бораётган Open budget кампаниясини бундай талқин қилиш, болалардан фойдаланишни оқлаб бўлмайди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти Ангор туманида ўқитувчиларга «Ташаббусли бюджет» учун овоз йиғишга мажбурий топшириқ берилгани айтилганди. Мактабгача ва мактаб вазири Ҳилола Умарова ўқитувчиларни овоз йиғишга мажбурлашга йўл қўйилмаслигини маълум қилиб, ҳолат бўйича ўрганиш ишлари бошланганини таъкидлаганди.

«Газета.uz» «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг овоз бериш жараёнида яшаш ҳудудидаги муаммоларни ҳал этиш учун кўпроқ овоз йиғишга ҳаракат қилаётган ва турли усуллардан фойдаланаётган фуқароларга микрофон тутганди.