2023 йилда ташаббусли бюджет учун жами 2 трлн сўм маблағ ажратилиши кутилмоқда, шундан 1 трлн сўми 1-мавсумга ажратилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати ажратилган маблағлар тўғрисида маълумот берди.

2023 йил бошига маҳаллий бюджетларда шаклланган эркин қолдиқ маблағларининг 30 фоизи маҳаллий ҳокимликлар томонидан Фуқаролар ташаббуси жамғармасига йўналтирилади.

Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 1-мавсум учун Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида жами 1,7 трлн сўм маблағ шакллантирилади. Пул овоз бериш жараёни бошлангунига қадар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилади.

2023 йил 9 февраль ҳолатига Фуқаролар ташаббуси жамғармаларида 899 млрд сўм маблағ йиғилди.

Умуман олганда, жамоатчилик томонидан билдирилган таклифларни молиялаштириш учун 2023 йилда бюджетдан жами 8 трлн сўм маблағлар йўналтирилади.

Шундан:

  • 2 трлн сўм — «Ташаббусли бюджет» жараёнлари учун туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
  • 320 млрд сўм — «Менинг йўлим» лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар бюджетларида режалаштирилган;
  • 4 трлн сўм — «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш учун.

Шу билан бирга, 2023 йилда маҳаллий бюджетлар берган қўшимча пулларнинг 30 фоизи ҳисобига 1,7 трлн сўм миқдоридаги маблағлар Фуқаролар ташаббуси жамғармаларига йўналтирилиши прогноз қилинган.