Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида 15 ёшли қиз 11 эркак томонидан зўрлангани айтилганди. Воқеа юзасидан «Газета.uz» қизнинг аёл қариндоши билан суҳбатлашди.

Унинг сўзларига кўра, 23 июль куни 11-синф ўқувчиси 2007 йилда туғилган қиз билан жинсий алоқада бўлиб, уни видеога ёзиб олган. Кейин у ёзувни ижтимоий тармоқларда тарқатиш билан қўрқитиб, шантаж қилган.

«Улар бир-бирлари билан дўст бўлган. Кечқурун бирга сайрга чиққанида йигит қизнинг телефонини олиб қўйган, масхара қилиб, қайтариб бермаган. Кейин уйга судраб кириб, зўрлаб, ташқарига чиқариб юборган. Маълум бўлишича, жараённи йигитнинг дўсти видеога тушуриб олган. Эртаси куни мактабда улар видеони турли интим каналларда тарқатиш ва ёзувни қизнинг ота-онасига кўрсатиш билан таҳдид қилган. Йигит қизга агар кечқурун кўчага чиқса ўзининг олдида видеони ўчириб ташлашини айтган. Қиз рози бўлган. Кечқурун йигит видеони ўчириб ташлаётганини айтганида қиз унга яқинлашган. Шу вақт йигит уни ушлаб, бошқа йигитлар кутиб турган уйи ёнидаги боғга судраб кетган», — деди қизнинг қариндоши.

Аёлнинг айтишича, жиянини 20 кун давомида ҳар 2−3 кунда зўрлаб келишган. Вазият маълум бўлгач, 13 август куни яқинлари Янгиариқ тумани ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилган.

«Улар 11−12 йигит бўлган. Улардан баъзилари оилали ҳам бўлган. Улардан бири 11-синфда ўқиган, қолганлари 30 ёшгача бўлган эркаклар бўлган. Ҳаттоки, қизнинг узоқ қариндоши, холасининг куёви ҳам бўлган… Аввал Янгиариқ тумани ИИБга мурожаат қилдик. Қаерда бўлмасин, бу ҳолатга парво ҳам қилишмади. Шу билан 8−9 ой ўтди. Ўзимиз ҳам текширган бўлсакда, экспертиза жавоби ҳали ҳам чиқмади, дейишди. Улар воқеа жойида экспертиза ўтказишни хоҳламадилар. Ҳамма далил ерда ҳам, кўрпачада ҳам бор эди», — дейди у.

Жабрланувчи қариндошининг айтишича, ўша куни (13 август) яқинлари туман прокуратурасига, сўнгра Хоразм вилояти прокуратурасига, ундан кейин Урганч тумани ИИБга мурожаат қилган. «1000 (президентнинг халқ қабулхонаси — таҳр.) га ҳам қўнғироқ қилдик. Жимлик», — деди у.

«Янгиариқ тумани ИИБда ҳамма бир-бирини танийди шекилли. Биз кўчада юрганимизда бу йигитлар терговчилар билан мутлақо хотиржам, жилмайиб суҳбатлашиб туришганди. Уларга қараб „Қандай қилиб? Бундан қизлар уялади“, — дедик. Улар гапимизга парво қилмади. Янгиариқ прокуратурасига ариза бердик. Прокурор, менимча, унинг исми Ғайрат эди, шундай деди: „Бу шармандалик сизларга нимага керак? Нимага ариза беряпсизлар? Бу қиз учун умр бўйи доғ бўлиб қолади. У эртага турмушга чиқадику“. Биз унга қарата: „Агар жим турсак, кейин нима бўлади? Бу жиноятчилар жазосиз қолиб ишларини давом эттираверадими? Бу тез-тез бўлиб турадими?“, дедик» — деди аёл.

Жабрланувчи қариндошининг айтишича, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида «бундай ҳолатлар кам эмас, фақат ҳамма ҳам мурожаат этавермайди».

Унинг сўзларига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган, аммо бу 5,5 ойга тўхтатилган. Бироқ аризачиларга иш бўйича ҳужжатларнинг нусхалари тақдим этилмаган.

4 апрель куни Болалар омбудсмани Алия Юнусова ҳудудга келганидан кейин иш қайта тикланди. Шу куни уч гумондорнинг қўлга олингани маълум бўлди.

Аёлнинг таъкидлашича, экспертиза атиги 3−4 нафар гумонланувчининг алоқадорлигини аниқлаган.

«Кеча болалар омбудсмани иштирок этган суҳбатда прокурор бизга: «Қизингиз нега кечки пайт кўчага чиқди?», деб сўради. Қиз кечқурун кўчага чиқса, уни зўрлаш мумкин экани ҳақида қаерда ёзилган? — деди қизнинг қариндоши.

Шунингдек, аёл қизни бошқа тумандаги бошқа мактабга ўтказишга тўғри келганини, чунки аввалги мактаб маъмурияти уларни бунга «мажбур қилганини» айтди.

«Мактаб раҳбариятининг айтишича, тумандаги қизлар бундан хабар топса, уларнинг хатти-ҳаракати ҳам ўзгариши мумкин. Қизимиз жуда хотиржам бўлсада, аълочи, олимпиадалар иштирокчиси, Kundalik (электрон кундалик — таҳр.)да юқори ўринларни эгаллаган. Шу билан бирга, ҳеч ким келиб, бу йигитларни айбламади», — деди аёл.

Жабрланувчининг қариндоши яна қизнинг кечки пайт кўчага чиққани ҳақида сўраган ҳуқуқ-тартибот ходимларининг гапларига эътибор қаратди.

«Ҳаммаси нега қиз кечқурун чиқиб кетганини сўради. Тушунмаяпмиз. Нима, қизлар кўчага чиқмаслиги керакми? Улар: „Балки қизнинг ўзи хоҳлагандир?“, дейишди. Ҳа, 15 ёшли қиз 11 йигит уни зўрлашини хоҳлаган (истеҳзо билан). Умид қиламизки, кимдир бизни эшитади», — деди у.

Болалар омбудсмани изоҳи

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусованинг «Газета.uz»га берган интервьюсида маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу банд билан айбдор деб топилган шахс 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Болалар омбудсмани Хоразм вилояти прокуратураси вакиллари билан учрашув ўтказган, шунингдек, жиноят иши бўйича қўшимча материаллар ва мурожаатлар тақдим этилишини сўраган.

«Вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида барча чоралар кўрилиши учун вилоят прокуратураси вакилларига ҳам, ички ишлар идоралари вакилларига тергов ва жабрланувчининг қариндошининг кўрсатмаси бўйича ўз тавсияларимизни бердик», — деди у.

Алия Юнусова ишни алоҳида назоратга олишлари учун Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига ҳам хат юборганини маълум қилди.

«Қиз кечки пайт кўчага чиқадими, йўқми, фарқи йўқ. Вояга етмаган қизга нисбатан зўравонликни ҳеч нарса оқлаб бўлмайди», — деди у.

Бу иш ўтган йили оилавий меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини 10 ойда давомида зўрлаб келгани айтилган Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Курязов билан боғлиқ шов-шувли воқеа фонида маълум бўлди.

Оммавий норозиликдан сўнг прокуратура суд қарори устидан протест киритди ва 6 апрель куни Олий суд ишни қайта кўриб чиқишга қайтариш ҳақида қарор чиқарди.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрель куни Сенат қонун ҳужжатларига болалар ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилишни кучайтирувчи қўшимчалар киритишни маъқуллаган эди.

Мақола тайёрланаётган вақтда Бош прокуратура қизнинг зўрлангани ҳолати бўйича 8 нафар шахс гумонланувчи, 3 нафар шахс айбланувчи тариқасида ишга жалб қилинганини маълум қилди.