Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди.

Қонун билан «оилавий (маиший) зўравонлик» яъни хотинига ёки эрига, собиқ хотинига ёхуд собиқ эрига, бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган зўровонлик учун тегишинча маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.

Шунингдек, эндиликда жинсий зўравонлик, шу жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш тариқасидаги инсонпарварлик актлари тадбиқ этилмаслиги белгиланиб, бундай жиноятлар учун жазо чоралари янада оғирлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, хотин-қизларга нисбатан шаҳвоний мазмундаги ҳаракатлар содир этганлик, таъқиб этганлик ҳамда ота-она ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш борасидаги мажбуриятларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланганларга бериладиган ҳимоя ордерининг муддати суд томонидан 1 йилгача узайтирилиши белгиланмоқда.

Қонунчиликка киритилаётган асосий ўзгартиришлардан яна бири шундаки, амалдаги қонунчиликка кўра номусга тегиш ҳамда жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятларни квалификация қилишда жабрланувчининг ёши айбдорга аён бўлиши асосий мезонлардан бири бўлган бўлса, эндиликда ушбу қоида бекор қилинмоқда, яъни айбдорнинг жабрланувчи ёшини билмаслиги уни Жиноят кодекси моддаларининг тегишли қисмларида назарда тутилган жавобгарликдан озод қилмайди.

Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликни содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, шунингдек болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш ҳамда бу турдаги жиноятларни содир этган шахсларнинг рўйхатини юритиш кўзда тутилмоқда.

Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан қўшимча чекловлар, шу жумладан, муайян жойларга боришни таъқиқлаш, жабрланувчи яшайдиган уй-жойдан фойдаланмаслик, жабрланувчининг иш жойига ёки у жойлашган бошқа жойларга яқинлашмаслик каби вақтинчалик чекловлар ўрнатилмоқда.

«Бу нормалар одамларнинг тафаккури ва хотираси билан бирга юрагидан ҳам жой олиши керак. Катта-кичик, аёл-эркак бўлсин — инсонга, шахсга нисбатан зўравонлик қилиш, уни таҳқирлаш, ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиш асло тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат, оғир жиноят эканлиги одамларнинг онгига чуқур ўрнашсагина натижа кутилганидек бўлади», — деди Танзила Нарбаева.

Қонун билан қуйидаги жиноятлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда:

Аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш (115-модда);

  • таклиф этилмоқда: 60 млн сўмгача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
  • амалда: 15 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар);

  • таклиф: 1-қисми 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • амалда: 1-қисми 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш (121-модда);

  • таклиф: 1-қисми 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси;
  • амалда: 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда);

  • таклиф: 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш. Оғирлаштирувчи ҳолатларда — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • амалда: 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш)

16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш (129-модда);

  • таклиф: 1-қисми 2 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш. Агар ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • амалда: 1-қисми 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 2-қисми 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари)

Порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш (130-модда);

  • таклиф: 3-қисм (вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш) 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
  • амалда: 3-қисм (вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш) 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Апрель ойида аёллар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кунора кузатилмоқда. Хусусан, 1 апрель куни Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 3 нафар қизи вилоят адлия бошқармаси ва туман ФВВ раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани айтилди. Хоразмда эса 17 ёшли қиз бир неча эркак томонидан зўрлангани айтилмоқда.

3 апрель куни Тошкентда 27 ёшли аёл ўзи ва 3 боласини 9-қаватдан ташлаб юборгани сабаб ҳалок бўлди.

Эртаси куни Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида қизларнинг хонасидан «талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш мақсадида» ўрнатилган яширин камера топилди. Бунинг ортидан ОТМ проректори ва уч масъул ходим ишдан бўшатилди.