2022 йилнинг август ойида Хоразм вилояти Янгиариқ туманида бир неча эркак 2006 йилда туғилган қизни зўрлагани айтилмоқда. Бу ҳақда блогер Никита Макаренко 1 апрель куни ўзининг Telegram каналида хабар қилган.

Ёзилишича, канал ўқувчиси маҳаллий ИИБ билан алоқадор одамлар унинг жиянини зўрлагани ҳақида хабар берган. У ўз исм-шарифини ошкор этишни истамаган. Бироқ агар у билан боғланишни исташса, телефон рақамларини Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига етказишга рухсат берган.

Шундан сўнг блогер 4 апрель куни болалар омбудсмани Алия Юнусова ўша ерга бориб, ҳолатни ўргангани ва 11 кишидан 3 киши ҳибсга олингани ҳақида ёзди.

Бу ҳолат ростан ҳам рўй берганини тасдиқлаш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилинганида матбуот хизмати бу хабарда ноаниқликлар кўплигини айтди. Омбудсман матбуот котиби Фотима Мадрахимова Алия Юнусованинг ҳолат бўйича Хоразмга борганини «Газета.uz»га тасдиқлади.

«Алия Юнусова шу ҳолат бўйича Хоразмга бориб келди. У ерда ҳолатни ўрганиб, қиз билан суҳбатлашди. Шунингдек, бунда 11 кишининг иштироки бўйича ҳолат ҳам назоратда турибди. Лекин унда айнан 11 кишининг иштирок этганини аниқ билмайман. Хабарда бўрттирилган бўлиши мумкин. Аслида қанчалигини билмайман. Лекин шу ҳолат ҳам назорат остида турибди», — дея Алия Юнусованинг сўзларини келтирди у.

Болалар омбудсмани ўрганиш натижалари бўйича Бош прокуратура ва ИИВга мурожаат юборган. Ҳолат якунлари бўйича жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилади.

Ташкилот яна бир бор болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий жиноятларга оғир жазо турларини қўллаш керак, деган позицияда қатъий туради, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида аёллар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар кунора кузатилмоқда. Хусусан, 1 апрель куни Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 3 нафар қизи вилоят адлия бошқармаси ва туман ФВВ раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани айтилди. 3 апрель куни Тошкентда 27 ёшли аёл ўзи ва 3 боласини 9-қаватдан ташлаб юборгани сабаб ҳалок бўлди.

Эртаси куни Қўқон давлат педагогика институти ётоқхонасида қизларнинг хонасидан «талабаларнинг психологик муаммолари билан ишлаш мақсадида» ўрнатилган яширин камера топилди. Бунинг ортидан ОТМ проректори ва уч масъул ходим ишдан бўшатилди.

5 апрель куни маълум бўлган ҳодисага кўра, Қашқадарёда эркак 13 ёшли асраб олган қизини зўрлагани айтилмоқда.