Хоразм вилояти меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини 10 ой давомида зўрлаб келган шахсларнинг судга тақдим этган ва ажрим чиқарилган апелляция инстанцияси қайта кўриб чиқилади, дея хабар қилмоқда Олий суд матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 6 апрель куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг А.М. ва А.Қ.га оид қисмини бекор қилиб, ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 6 апрелдаги ажрими билан Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгитдан аппелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат бўйича меҳрибонлик уйи раҳбари 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳамда 1 йилга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Икки собиқ амалдор эса 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган.