MittiVine тахаллуси билан ижод қилган 27 ёшли таниқли вайнер ва блогер Фарҳод Маннопов 5 мартга ўтар кечаси вафот этгани хабар қилинганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг ўлими юзасидан Star Med Center клиникасида ўтказилган текширув натижаларини маълум қилди, дея ёзмоқда «Янги Ўзбекистон» нашри.

Вайнер бассейнда сузиш жараёнида бошидан жароҳат олган, сўнг операция қилинган, аммо комага тушиб қолиб, ўзига келмаган. Вазирликнинг қайд этишича, беморга тиббий хизмат кўрсатишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарори билан тасдиқланган ягона низомда белгилаб берилган бир қатор лицензия талаб ва шартлари бузилган.

Хусусан, Фарҳод Маннопов операция қилинган Star Med Center клиникасида беморга анестезиолог ва реаниматолог сифатида хизмат кўрсатган шифокор Ж.Қ.да малакавий тоифа бўлмаган. Анестезиолог ва реаниматолог шифокорнинг малакавий тоифасини тасдиқловчи амалдаги ҳужжат тақдим этилмаган.

«Тиббий фаолият лицензияси талаб ва шартларига врач-мутахассисларда тегишли тиббий мутахассислик бўйича олий маълумот ва малакавий тоифа ҳамда малака ошириш бўйича амалдаги сертификат мавжуд бўлиши шарт. Худди шундай, Фарҳод Манноповнинг пластик жарроҳ шифокори ҳам етарли тажрибага эга эмас бўлиб чиқди», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, блогерга операция вақтида пластик жарроҳ шифокори сифатида хизмат кўрсатган шифокор Э.А. Андижон давлат медицина институтининг даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишини 2019 йилда тугатган.

Мутахассиснинг иш стажи беш йил бўлмагани учун ундан даволаш иши, умумий амалиёт шифокори йўналишида тиббий фаолият юритиши, шунингдек, пластик жарроҳлик бўйича амбулатор шароитда беморларга тиббий хизмат кўрсатиши учун малака тоифасига эга бўлиши талаб этилмаган. Бироқ у бемор Манноповга тиббий хизмат кўрсатиши учун камида биринчи малакавий тоифага эга бўлиши керак бўлган, дейилади хабарда.

Лекин Omad plyus МЧЖ томонидан пластик жарроҳлик шифокори Э.A.нинг малакавий тоифаси бўлмаган бир вазиятда беморга тиббий хизмат кўрсатишига йўл қўйилган.

Вазирлик, бундан ташқари, бош ва бурун соҳасидан жиддий жароҳат олган блогерга тиббий хизмат кўрсатган лаборант шифокор Ж.Ш. ҳамда ультратовуш текширувлари шифокори Р.С.нинг ўзлари фаолият юритаётган тиббий ихтисосликлар бўйича малакавий тоифаларини тасдиқловчи амалдаги ҳужжатларни текширувда тақдим этмаганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Фарҳод Манноповнинг вафот этгани юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган. ССВ вайнер вафотидан олти кун ўтгач, унинг ўлими бўйича дастлабки ўрганиш натижасини эълон қилган.

Айтилишича, беморга риносептопластика амалиёти учун наркоз берилган, бироқ операция даврида аҳволи ёмонлашиб, ўлим қайд этилган. Star Med Center клиникаси 11 мартдан фаолиятини вақтинча тўхтатгани хабар қилинган.

Бироқ бундан бехабар клиника ишлашда давом этаверган. Огоҳлантириш хати олингач, муассасанинг ўзи 10 кунга вақтинча ишини тўхтатгани ҳақида ССВга хабар берган.