Тошкент шаҳри Чилонзор тумани прокуратураси томонидан блогер Фарҳод Манноповнинг вафот этгани юзасидан текшириш ўтказилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби хабар бермоқда.

Таъкидланишича, ҳолатга алоқадор шахсларни батафсил сўроқ қилиш, кўп вақт талаб қилинадиган мураккаб экспертизалар тайинлаш ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан қонуний тўхтамга келиш имкони йўқлиги сабабли Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.

«Тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ блогер Фарҳод Маннопов вафоти бўйича шифокорларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинлангани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, MittiVine тахаллуси билан ижод қилиб келган 27 ёшли таниқли вайнер ва блогер 5 мартга ўтар кечаси вафот этган.

Вайнернинг Instagram саҳифасидаги (MittiVine) обуначилари сони 1,2 миллиондан ортиқни ташкил этади. Унинг дўсти, ҳажвий видеоларда бирга кўриниш берадиган Улуғбек Шодибеков (mitti.me) Фарҳод Манноповнинг вафоти юзасидан пост қолдирган.