Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи 27−28 февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ҳудудидаги бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат бериш тизимини ўрганди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистондаги 716 та мактабнинг 143 688 нафар бошланғич синф ўқувчиларига кейтеринг тизимида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан бепул нонушта берилиши йўлга қўйилган. Хусусан, қўмита раиси Одилжон Иминов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Чимбой, Кегейли, Тўрткўл ҳамда Қўнғирот туманларидаги 10 га яқин мактаблардаги ҳолатни ўрганган.

«Ўрганиш жараёнида тадбиркорлар томонидан кейтеринг хизмати ўз вақтида сифатли кўрсатилаётгани, бироқ озиқ-овқат етказиб бериш жараёнида айрим бефарқликларга йўл қўйилаётгани аниқланди», — дейилади хабарда.

бепул озиқ-овқат, сенат, хоразм, қорақалпоғистон

Хусусан, аввалроқ Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати Кегейли туманидаги қатор мактабларда ўқувчиларга истеъмолга яроқсиз, зараркунандалар билан зарарланган озиқ-овқат берилгани, улар йўловчи транспортида етказиб берилгани ҳақида хабар берганди.

Сенат Чимбой ва Кегейли туманларига маҳсулотлар кейтеринг ташкилоти томонидан йўловчи ташувчи Damas автомашиналарида етказиб берилаётганини аниқлади. Мактаб директорлари сифатсиз маҳсулотларни қабул қилиб олгани учун санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан жаримага тортилгани маълум қилинди.

Шунингдек, сенатор Манзура Салимова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Хоразм вилоятидаги Гурлан, Шовот, Янгиариқ туманлари ва Хива шаҳридаги умумтаълим мактабларига етказиб берилаётган бепул озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини кўздан кечирди.

«Ўрганиш давомида аниқланишича, етказиб берилган маҳсулотларни таркиби ва сифати устидан назоратни таъминлаш мақсадида тузилган махсус комиссия вазифалари белгилаб берилмаган. Маҳсулотлар сифатини назорат қилиш журнали юритилмай келмоқда. Қабул қилиб олинган маҳсулотлар қадоғида ишлаб чиқариш муддати кўрсатилмаган ҳолда қабул қилинган», — дейилади хабарда.

бепул озиқ-овқат, сенат, хоразм, қорақалпоғистон

Бу борада сенатор тадбиркор ва мактаб масъулларига белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, маҳсулотларнинг санитария ва гигиена талабларига риоя қилиш кераклиги юзасидан ўз таклиф ҳамда тавсияларини билдирган.

Таъкидланишича, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасига 2022 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан жами 58 млрд 149,5 млн сўм ажратилган бўлиб, шундан 47 млрд 869 млн сўми овқатлантириш харажатлари учун йўналтирилган.

Мазкур масала қўмита мажлисида муҳокама қилиш ва қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича эшитув ўтказиш, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.

бепул озиқ-овқат, сенат, хоразм, қорақалпоғистон

Маълумот учун, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб бериш жараёни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 2022 йилнинг февраль ойида бошланганди. Бунда 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ноябрь ойида Хоразмнинг деярли барча мактабларида бепул тушлик тарқатилаётгани, Қорақалпоғистонда эса бу амалиёт ҳали бошланмагани хабар қилинганди.