Президент сайловида ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул тушлик билан таъминлаш таклифини илгари сурганди. ХДП номзоди Мақсуда Ворисова эса ушбу таклифни сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда билдирганди.

Халқ таълими вазирлигининг хабар беришича, 7 февралдан бошлаб Қорақалпоғистон ва Хоразмда тажриба-синов тариқасида кейтринг усулида бепул овқат етказиб бериш бошланган.

Фото: ХТВ матбуот хизмати.

Кейтеринг хизматини ташкил этиш учун 2022 йилда маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистонда 726 та умумтаълим мактабларида жами 139 819 нафар ҳамда Хоразмда 549 та умумий ўрта таълим мактабларида жами 136 383 нафар бошланғич синф ўқувчилари таълим тарбия олмоқда.

«Кейтеринг усулида овқатланишни ташкил этишда авваламбор болаларни кунлик рационларида талаб қилинадиган 470−500 ккалорияга эга бўлган овқат, табиий сок ва мева маҳсулотлари билан таъминланади», — дейилади хабарда.


Бунда Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги барча умумтаълим бошланғич синф ўқувчиларига бир марталик овқат етказиб берилади, ўқувчиларни ўз синф хоналарида овқатланиши ташкил этилади. «Бу бир томондан мактабида ошхона ёки буфети йўқ мактабларга ҳамда олис ҳудуддаги умумтаълим мактабларига борадиган ўқувчилар учун анчагина қулайлик яратади», — дейилади вазиклик хабарида.

Ушбу ташаббусни ўз вақтида сифатли, хавфсиз ва тезкор амалга ошириш мақсадида зарур қувватларга эга ҳамда катта хажмдаги маҳсулотларни қисқа муддатда ишлаб чиқарувчи, тайёр маҳсулотларни ҳудудларга муддатидан кечиктирмай етказиб бериш имконияти мавжуд бўлган йирик ишлаб чиқарувчи корхона танланди.

Кейтеринг усулида бундай катта ҳажмдаги ишларни ташкиллаштиришда болаларнинг рационига мос ва хавфсиз бўлган маҳсулотларни тайёрлаш, қадоқлаш, сақлаш ҳамда уларни санитария-гигиена талабларига мос ҳолда етказиб берилишини таъминлаш ўта муҳим саналади. Шу сабабли, қисқа муддатда йўлга қўйилган ушбу жараён, юқоридаги талабларга жавоб бера оладиган, катта қувватга эга бўлган корхона зиммасига юклатилди.

Давлат томонидан танланган корхона 2021/2022 ўқув йили якунигача Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятига етказиб беради, янги 2022/2023 ўқув йиллари учун тадбиркорлар ўртасида танлов ўтказилади ва юқоридаги шартлар ва талабларга жавоб берадиган корхоналар болаларнинг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, сайловолди тарғиботи даврида (сентябрда) «Газета.uz» Халқ таълими вазирлигидан мактаб ўқувчилари сони ҳақида маълумот олиб, номзодларнинг ушбу ташаббуси давлат бюджетига қанчага тушишини ҳисоблаб чиққан эди.

2021 йил 20 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон мактабларида 1-синфдан 11-синфгача бўлган умумий 6,24 млн ўқувчи ўқийди. Улардан 2,45 миллиони бошланғич синф ўқувчилари (1−4-синфлар) ҳисобланади.

Қорақалпоғистон мактабларида 1-синфдан 11-синфгача бор -йўғи 354,6 минг ўқувчи, шу жумладан 140,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқийди. Агар 100 млрд сўмни бошланғич синф ўқувчиларининг сонига бўлсак, унда ҳар бир ўқувчининг овқат нархи йилига тахминан 713,2 минг сўмни ташкил қилади.

Агар ушбу маълумотлар 136,2 минг бошланғич синф ўқувчилари ўқиётган Хоразм вилояти кесимида кўриб чиқилса, унда ҳар йили давлат бюджетидан қарийб 97,14 млрд сўм ажратиш керак бўлади. Бу миқдор ҳар йили ўқувчилар сонининг кўпайиши билан ортади.

Сирдарё вилоятида 59 минг бошланғич синф ўқувчиси бор, бепул овқатланиш нархи 42,1 млрд сўмни ташкил қилиши мумкин.

«Газета.uz» ҳисоб-китобларига кўра, барча 1−4-синф ўқувчилари учун бепул тушлик йилига 1,74 трлн сўмни ташкил қилиши мумкин.