Қорақалпоғистондаги айрим мактабларда ўқувчиларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари берилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати.

Кенгес раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан Кегейли туманидаги 1, 8, 19 ва 55-сонли умумтаълим мактабларидаги ўрганиш ишлари давомида қўпол хато ва камчиликлар аниқланди.

Хусусан, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари белгиланган меъёрга жавоб бермаслиги, шунингдек, ичимлик суви билан таъминланмагани, иссиқ чой билан таъминлаш учун эса шароит тўлиқ яратилмагани маълум бўлди.

жўқорғи кенгес, қорақалпоғистон

«Энг ачинарлиси, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ўрганилганда олма шарбати истеъмолга яроқсиз экани, бундан ташқари, қадоқланган маҳсулотлар зараркунандалар билан зарарлангани аниқланди. Қолаверса, маҳсулотлар махсус автомашиналарда эмас, йўловчи транспортида етказиб берилган, турли мактабларда кундалик озиқ-овқат сифатини назорат қилувчи комиссия таркиби тузилмаган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, айбдорларга чора кўриш бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда.

«Айтиш жоизки, болаларнинг овқатланиши талаблари бажарилиши юзасидан республикамизнинг барча мактабларида ўқув-тарбия ишлари олиб борилиб, мактаб директорлари ва айбдорларга қаттиқ жазо чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

жўқорғи кенгес, қорақалпоғистон

Маълумот учун, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчиларига бепул овқат етказиб бериш жараёни президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига кўра 2022 йилнинг февраль ойида бошланганди. Бунда 2022 йил учун маҳаллий бюджетдан 200 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ноябрь ойида Хоразмнинг деярли барча мактабларида бепул тушлик тарқатилаётгани, Қорақалпоғистонда эса бу амалиёт ҳали бошланмагани хабар қилинганди.