Дарахтлар ёки ерда ётган электр кабелларини кўрган Тошкент аҳолисидан Xalq nazorati хизмати орқали шаҳар ҳокимиятига хабар бериш сўралди.

Ҳокимлик хабарига кўра, аномал совуқ ҳаво кузатилганида шаҳарда газ босими камайди, шу сабабдан хонадонлар ва бошқа объектлар етарлича иссиқлик билан таъминланмади. Оқибатда аҳоли электр иситкич мосламаларидан кенг фойдаланишни бошлади, бу эса электр тармоқларида кўплаб узилишларни келтириб чиқарди.

Кейинчалик трансформаторлар ишдан чиқишни бошлади. Электр таъминоти симлари яроқсиз ҳолга келди. Вазиятни ўнглаш учун фавқулодда режимда ишлаш бошланди.

халқ назорати, ҳудудий электр тармоқлари, тошкент

Мурожаатларни имкон даражасида тезроқ қаноатлантириш ва уйларга тезроқ электр узатиб бериш учун айрим электр симлари дарахтлар, ёритиш устунлари ёки шунчаки ерлаб ўтказилди. Бу ишни нафақат Тошкент ҲЭТ ходимлари, балки четдан жалб қилинган мутахассислар бажарди. Энди Ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Тошкент шаҳри бошқармаси ушбу симларни барча стандартларга мос тарзда ўтказиши керак. Бу аҳоли хавфсизлиги ва симларга шикаст етмаслиги учун муҳим, — дейилади ахборотда.

Аҳолидан агар электр симларини дарахтларда, ерда ёки ёриткич устунларида кўриб қолса, уларни расмга олиб, Xalq nazorati хизмати орқали ҳокимликка хабар бериши сўралди.

халқ назорати, ҳудудий электр тармоқлари, тошкент

Xalq nazorati хизматидан Xalq nazorati сайти орқали ёки App Store, Google Play ва App Gallery`даги мобил илова орқали фойдаланиш мумкин.

Сервисда қуйидаги бўлимларни танлаш керак:

«Жамоат жойи» — «Муҳандислик коммуникациялари» — «Электр кабель тармоқларининг шикастланиши» (ёки «Трансформаторли подстанцияларнинг техник ҳолати»).

«Газета.uz» Xalq nazorati порталига смартфон орқали қандай мурожаат қилиш мумкинлиги бўйича батафсил қўлланма эълон қилган.