2021 йил февраль ойида Тошкент ҳокимлиги томонидан ишга туширилган Xalq nazorati хизмати орқали шаҳар аҳолиси инфратузилма, ободонлаштириш, жамоат транспорти, уй-жой коммунал хўжалиги, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолар бўйича мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

«Газета.uz» смартфон иловаси орқали Xalq nazorati порталига муаммо ҳақида хабар бериш бўйича батафсил кўрсатмаларни тақдим этади. Шунингдек, биз реал муаммолар юзасидан бешта ариза топширдик ва масъул хизматлар уларни амалда қандай ҳал қилганини ёритиб берамиз.

Мурожаатни расмийлаштириш учун нима қилиш керак

Мурожаатни расмийлаштириш учун дастлаб смартфонингизга iOS ва Android учун мавжуд Xalq nazorati иловасини ўрнатишингиз керак.

Иловани ишга тушириб, ўзингиз хоҳлаган тилни танланг.


Ариза топшириш учун аккаунтга кириш керак бўлади. Агар аккаунт бўлмаса, бир марта рўйхатдан ўтиш лозим.

Xalq nazorati`да қандай рўйхатдан ўтилади

Фойдаланувчи тугмасига босиб, сўнгра «Рўйхатдан ўтиш» қисмига ўтинг.


Кўрсатилган мобил телефон рақамига олти белгидан иборат тасдиқлаш кодини ўз ичига олган SMS хабари келади. Ушбу код киритилганидан сўнг (одатда автомат равишда киритилади) «Давом этиш» тугмаси босилади. Агар код дарҳол келмаса, уч дақиқадан кейин такрор сўраш керак бўлади.

Ундан кейин паспорт ёки ID-карта серияси ва рақами, туғилган сана киритилиб, «Давом этиш» тугмаси босилади.

Агарда шахсий маълумотлар киритилмаса, муаммони бартараф этишга жавобгар ҳисобланган давлат органи аноним мурожаатларни кўриб чиқмайди.


Хизмат паспорт маълумотларини автомат равишда юклаб олади. Уларнинг тўғрилигини текширинг ва «Давом этиш» тугмасини босинг.

Сўнгра ҳақиқий яшаш манзилингизни киритинг. Туман, квартал ёки кўча, уй ва хонадон рақамини, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини номини киритинг. Икки марта керакли паролни киритинг ва «Давом этиш» тугмасини босинг. Рўйхатдан ўтиш тугаллангандан сўнг сиз ариза топширишингиз мумкин бўлади.


Xalq nazorati орқали қандай муаммоларни ҳал қилиш мумкин

Xalq nazorati иловаси орқали беш турдаги муаммо ҳақида хабар беришингиз мумкин.

Менинг уйим. Квартирада электр ҳисоблагич билан боғлиқ муаммолар, сув босими ва ҳарорати, кираверишдаги лифтнинг нотўғри ишлаши. Шунингдек, ертўлани сув босиши ёки томидан сув оқиб чиқиши, ҳовлида ноқонуний автотураргоҳ қурилиши ва бошқалар.

Менинг йўлим. Таъмирталаб асфальт, чуқурчалар, йўлнинг сув босиши, носоз светофорлар, ўчиб кетган йўл чизиқлари, етишмаётган белгилар, пиёдалар ўтиш жойларини тиклаш ва бошқалар.

Савдо ва озиқ-овқат. Санитария талабларининг бузилиши, муддати ўтган маҳсулотларни сотиш, ёруғлик ва товуш шовқини.

Жамоат жойи. Кўчадаги канализация билан боғлиқ муаммолар, шикастланган қувурлар, таъмирдан кейин қайта тикланмаган асфальт, очиқ ёки чўкиб қолган люк. Шунингдек, ноқонуний чиқиндиларни ташлаш, дарахтларни кесиш, бетонланган дарахтлар, ахлат қутиларининг йўқлиги, истироҳат боғларининг нотўғри таъминланиши, ноқонуний қурилиш ва бошқалар.

Жамоат транспорти. Оралиқ бекатларда узоқ вақт давомида туриш, йўналиш чизмасига риоя қилмаслик, ҳайдовчиларнинг телефонда гаплашиши ёки салонда чекиши. Бу ердан метрода тўлов билан боғлиқ муаммолар ёки бекатларнинг қониқарсиз ҳолати ҳақида ҳам хабар беришингиз мумкин.

Xalq nazorati`га қандай мурожаат қилиш керак

Йўлдаги чуқурчалардан бирининг асфальтланиши мисолидан ариза топширишни батафсил кўриб чиқамиз (мисоллар рус тилида берилмоқда).

Илованинг асосий экранида «Менинг йўлим» бўлимини ва «Туманлараро аҳамиятга эга бўлган йўллардаги асфальт таъмирталаб» бўлимини танланг. Тўғри бўлимни танлашда хатога йўл қўйсангиз, қўрқинчли эмас: хато бўлса, модераторларнинг ўзлари дастурни тўғри ижрочига йўналтиришади.

Кейинги қадам муаммони тасвирлашдан иборат. Таъриф қисқа ва хизмат ходимлари муаммони тушуниши учун етарли бўлиши керак. Таърифи йўқ ҳикоя ёки ҳиссиётларга бой достон ёзиш шарт эмас.

Кейинги ўринларда тўрттагача фотосурат юклаш лозим. Ҳар бир фотонинг ҳажми 10 Мб дан ошмаслиги керак. Юклаб бўлинганидан сўнг «Давом этиш»ни босинг.

Навбатдаги экранда харитага муаммо мавжуд бўлган жой кўрсатилади. «Эслатма» бандига мўлжални кўрсатиш мумкин.

Қуйида келтирилган харитада аниқ локация мавжуд. Агар у сизнинг маълумотларингизга мос келмаса, унинг маркерини қўлда харитада керакли жойга кўчириш мумкин.

Барча майдонларни тўлдиргандан сўнг, «Давом этиш» тугмасини босинг.

Мурожаатлар қандай кўриб чиқилади

Мурожаат рўйхатдан ўтказилгандан сўнг дарҳол «Очиқ масалалар» бўлимида пайдо бўлади ва масъул ижрочи — туман ҳокимликлари ёки хизматларга кўриб чиқиш учун юборилади. Ижрочи аризани беш кун ичида кўриб чиқиши ва муаммони ҳал қилиш муддатини кўрсатиши керак. Амалда, кўриб чиқиш муддати сезиларли даражада кечикиши мумкин.

Баъзи ҳолларда муаммони ҳал қилиш муддати узоқ вақтга қолдирилиши мумкин. Масалан, асфальтлаш ёки кўкаламзорлаштириш ишлари, чунки улар иш режасига киритилишини ва бюджетни тақсимлашни талаб қилади.

Тафсилотларни аниқлаштириш учун ижрочи сиз билан боғланиши мумкин. Сиз ижрочига чат орқали ҳам ёзишингиз мумкин.

Аризалар қандай ёпилади

Муаммони ҳал қилгандан сўнг, ижрочи аризада топшириқни ҳал қилинган деб белгилайди ва иш тугаганлигини тасдиқловчи фотосуратларни илова қилади. Бу яшил «Натижа» ёрлиғида акс этади.

Мурожаатни фақат сиз ёпишингиз мумкин. Агар бажарилган ишнинг сифати сизни қониқтирса, «Натижа» ёрлиғида муаммони ҳал қилинган деб белгиланг ва ижрочини бирдан бешгача бўлган шкалада баҳоланг. Агар иш ёмон бажарилган бўлса, қарорга рози бўлмайсиз ва камчиликларни тузатиш учун аризани қайта очишингиз мумкин. Буни уч мартагача амалга ошириш мумкин. Ундан кейин эса жараёнга Xalq nazorati модератори аралашади.

Модератор вазиятни таҳлил қилади ва аризани ёпиш ёки уни қайта кўриб чиқиш учун юбориш тўғрисида қарор қабул қилади. Модератор, шунингдек, агар вазифа бажарилган бўлса, сиз бирон бир сабабга кўра рози бўлмасангиз ҳам мурожаатни ёпиши мумкин. Мисол учун, аризада сиз чуқурни ёпишни сўрагансиз, лекин иш тугагандан сўнг, сиз уни ёпмайсиз, чунки чуқур атрофидаги чиқиндилар олиб ташланмаган. Бундай ҳолда иккита алоҳида ариза очишингиз керак — чуқурни ёпиш ва ахлатларни олиб ташлаш учун.

Агарда муаммо бартараф этилганини тасдиқласангиз, мурожаат «Ёпилган муаммолар» бўлимига ўтади. Эндиликда ушбу аризани қайта очишнинг иложи бўлмайди.

Кўмак учун қаерга мурожаат қилиш керак

Қандайдир муаммо тўғрисида уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш масалалари бўйича шаҳар диспечерлик хизматига 1055 рақами орқали хабар бериш мумкин. Агарда сизда илова ёки қайсидир ариза ижрочи юзасидан муаммолар бўлса, @xalqnazorati_bot Telegram-боти орқали Xalq nazorati хизмати вакиллари билан боғланишингиз мумкин.


Ижродаги муаммолар

«Газета.uz» таҳририяти иш сифати ва тезлигини текшириш мақсадида Xalq nazorati орқали турли вақтларда бешта ариза топширди.

1. Мирзо Улуғбек туманидаги чуқурни асфальтлаш

Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасидан мавзега кираверишда, собиқ «Ўзавтосаноат» биноси ёнида катта чуқур (яма) бор эди. Бу жойда кўп йиллар давомида вақти-вақти билан «ямалар» пайдо бўлиб, пиёдалар ва автоуловчилар учун ноқулайлик туғдиради.

Биз аризани 27 апрель куни юбордик. Ариза мақоми 10 кундан ошса ҳамки ўзгармади. 11 май куни @xalqnazorati_bot орқали шикоят ёздик. Ариза мақоми 17 майга келибгина ўзгариб, муаммони бартараф этиш учун жавобгар тайинланди. Бунда муаммони бартараф этиш санаси этиб 30 июнь кўрсатилди.

Амалда ижрочи мурожаатни 30 июнда — у юборилганидан икки ой ўтиб ҳал қилди.

2. Мирзо Улуғбек туманидаги чорраҳадаги чуқурни ёпиб, асфальт қилиш

Мирзо Улуғбек ва Паркент кўчалари чорраҳасида кичик чўкиш жойи пайдо бўлди. У ўнгга бурилувчи автомобиллар ва йўлни кесиб ўтаётган пиёдалар учун хавф туғдиришни бошлади.

Аризани 2 июнь куни юбордик. Муаммони бартараф этиш санаси сифатида 9 август кўрсатилди.

Амалда мурожаат 22 июлда — юборилган кундан 50 кун ўтиб бажарилди ва ёпилди.

3. Чилонзор туманидаги светофорни тўсиб турган шохларни буталаш

Ал-Хоразмий ва Катта Хирмонтепа кўчалари чорраҳасида дарахт шохлари ўсиб, светофорни тўсишни бошлади. Бу ҳайдовчилар учун ноқулайлик туғдириб, бахтсиз ҳодиса хавфини оширди.

Биз 3 июнь куни ариза яратдик. 7 июнь куниёқ ободонлаштириш ходимлари чорраҳага етиб келиб, светофорни бекитиб турган дарахт шохларини буташди.
Улар чорраҳадаги бошқа светофорларни тўсиб турган шохларни ҳам кесиб ташлашди.

4. Катта Хирмонтепа кўчасидаги белгиларни тиклаш

Чилонзор туманидаги Катта Хирмонтепа кўчасининг Лутфий кўчасидан Ал-Хоразмий кўчасигача бўлган қисмида йўл белгилари ўчиб кетган эди.

Бу авария хавфини келтириб чиқарди ва барча йўл ҳаракати қатнашчилари учун ноқулайлик туғдирди.

Биз 7 июнь куни ариза юбордик. 30 июнь куни кўриб чиқиш учун қабул қилинди. Вазифа амалда 5 июлда — яратилган кундан бошлаб деярли бир ойда ижро этилди.

5. Чилонзор туманидаги носоз светофорларни таъмирлаш

Ал-Хоразмий ва Катта Хирмонтепа кўчалари чорраҳасида икки кун давомида барча светофорларнинг ишламай қолиши автоҳалокат хавфини юзага келтирди.

Биз 25 июль куни ариза яратдик. 27 июль куни ижрочи чорраҳада светофорлар иши тикланганини маълум қилди.

Хулоса сифатида

Амалиёт шуни кўрсатадики, Xalq nazorati хизмати ўз вазифасини бажариб, ишламоқда, аксарият вазифалар тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Бироқ баъзида узоқ вақт кутишга ҳам тўғри келади. Бундан ташқари, ишлар ҳар доим ҳам юқори сифатли қилиб бажарилаётгани йўқ, бунга юқоридаги фотосуратлар ҳам гувоҳлик бермоқда. Бу эслатма хизматни ишлаб чиқувчиларга эмас, балки ижрочиларга тегишли.

Ушбу муаммони ҳал қилиш учун хизмат 12 та туман ҳокимлигининг очиқ рейтингини ишга туширгани ҳақида ёзган эдик. Ушбу рейтинг туман ҳокимликлари ва уларнинг бўлимларининг фаолиятига баҳо беради, аҳолидан қанча ариза келганини, уларнинг нечтаси ижобий ва ўз вақтида ҳал этилгани, қайсилар эса жавобсиз қолгани ёки кечиктирилиб ҳал этилганини кўрсатиб беради.