Туркияда 6 февраль куни мамлакат тарихидаги энг кучли зилзилалардан бири юз берди, ерости силкинишлари қўшни Сурияга ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. 7,7−7,8 магнитудали дастлабки зилзиладан сўнг сейсмологлар 300 дан ортиқ такрорий силкинишларни қайд этди, улар орасида 7,6 магнитудалиси ҳам бор эди. Минглаб бинолар, хусусан, турар жойлар, касалхона ва мактаблар вайронага айланди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркия ва Сурияда 7,7 дан зиёд одам ҳалок бўлган, Туркиянинг ўзида салкам 35 минг киши тан жароҳати олган. Қурбонлар ва жабрланувчилар, шунингдек, бедарак йўқолганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор. Қидирув-қутқарув ишларида ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам қатнашмоқда. Улар ҳозирда 10 мингдан ортиқ ўзбек истиқомат қиладиган Ҳатай вилоятида ишлаяпти.

«Газета.uz» Туркиядаги зилзила вақти ҳаёти хавф остида қолган, фалокатинг жонли гувоҳига айланган ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди.

Ҳатайдаги тошкентлик Санжар, 30 ёш

Ҳатайдаги зилзила оқибатида юз берган вайронагарчиликлар, 2023 йил 7 февраль. Фото: ReutersҲатайдаги зилзила оқибатида юз берган вайронагарчиликлар, 2023 йил 7 февраль. Фото: Reuters

Салкам бир ойдан бери Ҳатай вилоятидаги Кирхан шаҳрида биноларни таъмирлаш билан шуғулланиб келган Санжар 6 февраль куни тонг соат 4:00 ларда кучли зилзиладан уйғониб кетган.

«Нима қилишни билмай қолдим, шокда эдим, чунки зилзила жуда дахшатли бўлди. Кейин чироқ ўчди. Паспорт ва телефонимни олиб, ташқарига қараб югурдим. Кўчада одам жуда кўп эди. Ўзим яшайдиган тўрт қаватли уй зилзила асоратлари оқибатида кўзим олдида қулади. Адашмасам, уйдаги хонадонлардан ҳали ташқарига чиқишга улгурмаганлар ҳам бор эди. Қутқарувчилар келиб, уларга ёрдам берди. Соат 6:00 гача кўчада турдик», — дейди у.

Унинг таъкидлашича, шифохона, бензин ва нонга узун навбатлар пайдо бўлган.

«Шифохона олдида одам кўп эди. Менимча, тиббий ёрдам фақат аҳволи оғир ёки жароҳатланганларга кўрсатиляпти, холос. Лекин кўринишидан соғломдек кўринганлар ҳам навбатда турганди. Нон олишга ҳам навбат жуда катта. Соатлаб навбатда туриб, атиги иккита нон харид қилдим. Ёқилғи қуйиш шохобчаларининг аксарияти ишламаяпти. Шу боис АЁҚШлардаги навбатлар ҳам узун — машиналарнинг охири кўринмайди. Бензин қуйишга борганларнинг деярли бари бирйўла телефонини қувватлантириб олиш учун ҳам навбатда турибди», — дейди у.

Ватандошнинг сўзларига кўра, Ҳатай вилоятидаги манзараларни кўрган киши ўзини кинога тушиб қолгандек ҳис қилади.

Ҳатайда сувга навбатда турганлар. Фото: Сергей Пономарёв / The New York TimesҲатайда сувга навбатда турганлар. Фото: Сергей Пономарёв / The New York Times

«Худди кинонинг ичига тушиб қолгандекман „Эртадан кейин“, „2012“ фильмларидаги саҳналар кўз олдимдан ўтяпти. Бу ерда ҳамма жонини сақлашга уриняпти. Йўллар ёрилиб кетган, ғилдираги ёриқларга тушиб қолган машиналар кўп. Айримлар машинасини шундоқ йўл ўртасида ташлаб кетган. Бошқа давлатлардан келган, кўринишидан лўлиларга ўхшайдиган аёллар, болалар дўконларнинг ойналарини синдириб, маҳсулотларни ўғирлаб кетишаётганини кўрдим. Уларни турклар ҳайдаяпти. Зилзила бўлган ҳудудларда ўзбекистонлик танишларим йўқ, мен таниган-билган ҳамма Истанбулда яшайди», — дейди у.

Санжарнинг қўшимча қилишича, ҳодисадан сўнг туркиялик кекса бир отахон уни уйида меҳмон қилишини айтиб, вазият изига тушгунича бирга яшаб туришни ҳам таклиф этган.

«Иссиқ чой, нон ва овқат бериб, меҳмон қилди. Ҳозир ҳам унинг 5 қаватли бинода жойлашган уйида яшаяпман, хизматларини қилиб, ёрдамлашяпман. Истанбул ёки Анқарага кетмоқчи эдим, аммо автобуслар умуман йўқ, вилоятлараро чегара йўллари ҳам берк эканлигини айтишяпти. Консулликдан қўнғироқ қилиб, одам жўнатишларини айтишди. Бугун Ўзбекистондан келган қутқарувчиларнинг бир гуруҳини кўриб қолдим. „FVV“ ёзуви туширилган, Ўзбекистон байроғи илинган машинани кўриб, ғурурланиб кетдим», — дейди ватандош.

Ҳатайда қидирув-қутқарув ишларини бошлаб юборган ўзбекистонлик қутқарувчилар. Фото: ФВВҲатайда қидирув-қутқарув ишларини бошлаб юборган ўзбекистонлик қутқарувчилар. Фото: ФВВ

Унинг айтишича, у яшаётган ҳудудда ҳали ҳам ерости силкинишлари давом этяпти. «Мана, ҳозир сиз билан гаплашаётган вақтимда ҳам зилзила бўляпти. Биринчи кунгидек кучли эмас, аммо ер қимирлаётгани сезилади», — деди у.

Газиантепдаги сирдарёлик Малика, 48 ёш

Сирдарёлик Малика опа асли ҳамшира, аммо Ўзбекистонда ҳамширалик иши ортидан олган оз маоши рўзғордан ортмаган. У «уйидаги чала қолган қурилишларини тугатиш» мақсадида ишлагани Туркияга келганди. У бу ерда ўғли чет элда яшайдиган 74 яшар онахонга «худди ўзининг онасига қарагандек» қарар, овқатини қилиб, кирини ювиб, уйини тозаларди.

Туркиядаги 7,8 магнитудали биринчи зилзила эпицентри Газиантеп шаҳри яқинида эди. Малика опа эса ўзи қарайдиган онахон билан биргаликда ушбу шаҳар чеккасидаги Иброҳимли даҳасидаги кўп қаватли уйларнинг бирида яшарди. Ватандошнинг эслашича, зилзила вақти уй худди беланчакдек тинмай тебраниб турган.

«Ўтган йили кузда AFAD (Фавқулодда вазиятлар бошқармаси) зилзила бўлиши кутилаётгани, одамлар бунга тайёргарлик кўриши кераклиги ҳақида SMS’лар юборганди. Ноябрь охирида бир марта 4 баллик зилзила бўлди. Аммо 6 февралдаги зилзила жуда кучли, даҳшатли бўлди. Ўша куни негадир соат 04:00 гача уйқум келмади. Кўзим энди илинган вақтда кимдир гурсиллатиб эшикни тепаётгандек овоз эшитилди: уй ҳалинчакдек тўхтовсиз чайқаляпти, кўп қаватли уй тебраниб, уёқдан буёққа бориб келяпти. Шкафлар очилиб, ҳамма нарса тушиб кетди. Онахон қўрққанидан тинмай бақирарди. Бунақасини аввал фақат интернет ё телевизорда кўргандим. Карахт бўлиб қолдим», — дейди у.

Зилзиланинг Газиантепдаги оқибатлари. Фото: Al JazeeraЗилзиланинг Газиантепдаги оқибатлари. Фото: Al Jazeera

Малика опанинг сўзларига кўра, у зилзила туфайли ўлиги бегона юртда қолиб кетишидан жуда қўрққан.

«Онахонни бир амаллаб 4-қаватдан пастга олиб тушдим. Қор ёғаётганди. Ҳаммаёқ қий-чув, қарсиллаган овозлар эшитилади. Кўчада турган машиналардан бирининг олдига бориб, ҳайдовчи билан гаплашиб, тонг отгунча ўша машинада ўтирдик. Уйимиз атрофидаги бир нечта кўп қаватли уйлар қулади. Бизнинг уй ҳам яшаб бўлмайдиган ҳолга келиб қолганди. Шундай бўлса-да, онахоннинг дорилари, зарур кийимларини олиш учун икки, мажбурликдан уч марта шу уйга кириб чиқдим. Ўша вақти ўлимдан эмас, ўлигим бегона юртда қолиб кетишидан қўрқдим. Мен каби пул топиш учун келиб, қийинчиликларни енгаётган мусофир одамлар тақдирини ўйлаб, ичим жуда ачиди», — дейди у.

Газиантепда тонгги зилзиладан сўнг, кечга бориб қор ва ёмғир ёққан. 7 февраль куни эрталабдан қуёш чарақлаб чиққанига қарамай, ҳаво ҳарорати -5 даражагача совиб кетган.

«Бу ердаги манзарани таърифлаб беришим қийин. Қутқарувчилар ер билан битта бўлган бинолар тагида қидирув ва қутқарув ишларини олиб боряпти, вайроналар остидан жасадлар олиб чиқиляпти, ҳамма дод-фарёд қиляпти. Одамлар жонини сақлаш илинжида. Уларнинг кўзига қарашга қўрқасиз: кимдир онасини, яна кимдир фарзандини қидириб, жуда тушкунликка тушиб йиғлаяпти. Биз ҳозир онахоннинг қишлоқда яшайдиган қариндошиникидамиз. Кундузи икки қаватли уйда овқатланяпмиз, кечаси машинада ётяпмиз. Одамлар баланд бинолар бўлмаган, кенг жойларда машина ичида яшаб, жон сақлаяпти», — дея ҳикоя қилади Малика опа.

Искендерун шаҳрида зилзиладан жабрланганларга кийим-кечак тарқатаётган кўнгиллилар. Фото: Сергей Пономарёв / The New York TimesИскендерун шаҳрида зилзиладан жабрланганларга кийим-кечак тарқатаётган кўнгиллилар. Фото: Сергей Пономарёв / The New York Times

Ватандошнинг айтишича, у яшаётган ҳудудда кучсиз зилзилалар ҳали ҳам кузатилмоқда.

«Йўллар ёрилиб кетган. Газ ва электр энергия таъминоти узилган. Кўплаб дўконлар ёпиқлиги учун нон сотиб олишга катта навбатлар юзага келган — бир кишига кўпи билан бешта нон бериляпти. Одамлар навбатларда жанжаллашиб ҳам кетяпти шекилли, полиция назорати ҳам ўрнатилган. Туркияда турли хайрия жамиятлари, ташкилотлари кўп экан. Қизил ярим ой жамияти, Яшил ой жамияти ва бошқа шу каби ташкилотлар одамларга иссиқ овқат тарқатяпти. Ўзбекистондан қутқарувчилар келганини эшитиб, жуда қувондим. Газиантепнинг бошқа бир туманида гулистонлик бир таниш қиз ишларди. Аммо унинг телефони ўчиқ, боғлана олмаяпман. Алоқа сифати ҳам яхши эмас», — деди у.